
Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Финляндия саммити хотираси юзасидан самимий ва рамзий тадбир ташкил этилди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Финляндия раҳбари Александр Стубб Кўксарой қароргоҳида жойлашган Фахрий меҳмонлар хиёбонида биргаликда дарахт экиш маросимида иштирок этди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Бу маросим икки давлат ўртасидаги дўстлик, ўзаро англашув ва ишончнинг рамзи сифатида ўтказилди. Шу билан бирга, у Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги интилишни ифода этди.
31 октябрь куни Финляндия президенти Александр Стубб Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Кўксарой қароргоҳида уни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва Александр Стубб расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Суҳбат чоғида сиёсий, иқтисодий, таълим, экология ва “яшил энергетика” соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки давлат раҳбарлари Қўшма баёнотни имзолашди. Ҳужжатда Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, савдо айланмаси ва инвестиция лойиҳаларини кўпайтириш, таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари белгилаб берилган.
Президентлар томонидан экилган дарахт ҳамкорликнинг янги даври бошланганидан далолатдир. Бу тадбир нафақат рамзий, балки экологик маънога ҳам эга — икки давлат табиатни асраш ва яшил келажак сари ҳаракат қилишда муштарак мақсадга эга эканини кўрсатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг! 
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
  
 