Кеча, 7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев прокуратура органлари ходимлари билан учрашди. Унда давлатимиз раҳбари прокуратура органлари эътиборини бир қатор муҳим масалаларга қаратди. Шулардан бири тадбиркорлик фаолиятига оид бўлди.
Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, фаровон турмушини таъминлашда муҳим ўрин тутаётган тадбиркорликни қўлаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг стратегик йўналишларидан биридир. Шу нуқтаи назардан қараганда, прокуратура органлари тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан ўтган йили 5 октябрда қабул қилинган фармон талабларига сўзсиз амал қилинишини таъминлашлари зарурлиги таъкидланди.
"Минг афсус, тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текшириш ўтказиш ва уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда. Жумладан, охирги икки йилда давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларида 209 марта ноқонуний текшириш ўтказилган ва 702 ҳолатда уларнинг фаолиятига асоссиз аралашилган", - деди давлатимиз раҳбари.
Ш. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ўтган йили Жиззах, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида тадбиркорликни ноқонуний йўл билан текширишга боғлиқ бор-йўғи биттадан ҳолат аниқланган. Сирдарё вилоятида эса бирорта ҳам бундай ҳолат аниқланмаган, деб ёзади Кун.уз сайти.
"Билмадим, балки бу борада прокуратура органлари ходимлари ҳеч қандай камчилик йўқ, деб ўйлаб юргандир, лекин биздаги маълумотлар бунинг аксини кўрсатмоқда. Таҳлилларга кўра, мамлакатимиз бўйича кичик бизнес субъектларининг қарийб 16 мингтаси ёки 7 фоизи ўз фаолиятини тўхтатган. Бундай ҳолатлар барча ҳудудларда мавжуд", - дея таъкидлади Президентимиз. Мисол тариқасида Тошкент вилоятида - тадбиркорлик субъектларининг 15 фоизи, Сирдарё вилоятида - 13 фоизи, Жиззах вилоятида - 10 фоизи фаолият кўрсатмаётганлиги қайд этилди.
"Энг ёмони, бунинг оқибатида мавжуд иш ўринлари йўқотилмоқда. Маълумки, тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўплаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор бу ҳақиқий фидоий инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина иш ўрнини яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман", - деди Ш. Мирзиёев.
"Тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам , халқ ҳам бой бўлади, деган фикрни қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Шу муносабат билан яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиманки, тадбиркор йўлига қарши чиқиш давлат сиёсати, президент сиёсатига қарши чиқишдир. Афсуски, бу борада айтилаётган гаплар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, мансабдор шахслар томонидан тадбиркорларга нисбатан таъмагирлик ҳолатлари ҳали-ҳануз учраб турибди. Бу эса тадбиркорларда ҳақли равишда норозилик ҳиссини уйғотмоқда", - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Шунингдек бундай ҳолатларнинг ҳар бири бўйича айбдор шахсларни аниқлаб, сўзсиз жиноий жавобгарликка тортиш шартлиги таъкидланди. Бундан буён ҳар қайси туман ва вилоят прокурорларининг фаолияти у ишлаётган ҳудудда қанча янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этгани, қанча тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилганига қараб баҳо бериладиган янги тизим жорий қилиниши таъкидланди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди