Ўзбекистонда ГЭСларда электр ишлаб чиқариш қарийб 21% га камайди

“Ўзбекгидроэнерго” гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқариш кескин камайганини тасдиқлади: кўрсаткич 20,7% га пасайган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Компания келтирган маълумотларга кўра, 2025 йилда мамлакатдаги сув ресурслари ҳажми 33% га қисқарган. Шунга қарамай, “самарали бошқарув” ва “масъулиятли ёндашув” ҳисобига энергия ишлаб чиқариш самарадорлиги 15% га оширилгани таъкидланди. “Ўзбекгидроэнерго” бу ҳолатни сув камайишига қарамай ишлаб чиқаришда имкони қадар юқори самарадорликка эришилгани билан изоҳлади.
2025 йил якунларига кўра, компания “Узенергостиш”га қарийб 6,5 миллиард кВт⋅соат электр етказиб берган. Таққос учун, 2024 йилда ишлаб чиқариш 8,2 миллиард кВт⋅соатни ташкил этган.
Аввалроқ энергетика вазири Журабек Мирзамахмудов Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги чиқишида йил давомида сув оқими 35% га камайганини айтган эди (компания эса 33% дейди). Вазирнинг қайд этишича, янги кичик ва микро ГЭСлар ҳам вазиятни сезиларли даражада ўзгартира олмаган: уларнинг умумий ишлаб чиқариши атиги 140 миллион кВт⋅соат бўлиб, бу мамлакат энерготизими учун жуда кам.
Шу билан бирга, акциядорлик жамияти гидроэнергетика лойиҳаларига жами 1,242 миллиард доллар инвестиция жалб қилинганини маълум қилди. Маблағнинг 43%и хорижий сармоя экани халқаро ҳамкорлик ва ишонч юқорилигидан далолат бериши қайд этилди.
Лойиҳалар доирасида 85 та объект ишга туширилган: 55 та босимли ГЭС, 16 та босимсиз ГЭС, 1 та шамол электр станцияси ҳамда 13 та модернизация қилинган объект. Натижада 841 МВт янги қувват яратилиб, энерготизим имкониятлари кенгайгани билдирилди.
Компания матбуот хизмати бугун Ўзбекистон гидроэнергетика салоҳияти 2,5 ГВтга етганини, бу 2017 йилга нисбатан 52% кўп эканини таъкидлади. Стратегия нафақат янги қувватлар барпо этиш, балки мавжуд иншоотларни янгилашни ҳам кўзлаши айтилди.
Бироқ асосий муаммо сув танқислиги бўлиб турган бир пайтда қувватни ошириш қанчалик ўзини оқлаши савол остида қолмоқда: сув инқирози кучайиб борар экан, янги станциялар қуриш ва мавжудларини кенгайтириш самарадорлиги пасайиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!