Солиқ қўмитаси картага тушган йирик пулларга изоҳ берди

Ўзбекистонда банклар томонидан солиқ органларига ахборот тақдим этиш тартибига оид қарор лойиҳаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, Солиқ қўмитаси унинг ҳуқуқий асослари ва амалий аҳамияти бўйича расмий тушунтириш берди.
Лойиҳада “Банк-солиқ” ахборот алмашиш махсус модулини ишлаб чиқиш ва жорий этиш таклиф этилган. Унга кўра, агар жисмоний шахснинг бир банк картасига бир ой давомида бошқа шахсларнинг карталари ёки электрон ҳамёнларидан БҲМнинг 500 бараварига (ҳозирги кунда 206 миллион сўм) тенг ёки ундан ортиқ маблағ келиб тушса, банк бу ҳақда Солиқ қўмитасига маълумот тақдим этади.
Қўмита таъкидлашича, айрим нашрларда ушбу ташаббус фуқароларнинг омонатлари билан боғлиқ тарзда талқин қилинган бўлса-да, бу ҳужжатнинг асл мазмунини тўлиқ акс эттирмайди. Лойиҳанинг асосий мақсади банклар ва солиқ органлари ўртасида ахборот алмашишнинг ягона қоидаларини белгилашдан иборат.
Шунингдек, мазкур лойиҳа солиқ органларига янги ваколатлар бермайди, банк сирини бекор қилмайди ва фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ҳисобварақларига эркин кириш имкониятини назарда тутмайди. Банклар маълумотларни фақат қонунчиликда белгиланган ҳолатлардагина тақдим этиши мумкин.
Қўмита маълум қилишича, бу ваколатлар Солиқ кодексининг 134-моддасида белгиланган. Бундан ташқари, “Банк сири тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, солиқ солиш масалалари бўйича маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига белгиланган тартибда тақдим этилиши мумкин. Олинган маълумотлар солиқ сири ҳисобланиб, уларни ошкор қилиш ёки учинчи шахсларга бериш қонун билан тақиқланган.
Таъкидланишича, бундай ахборот алмашиш тизимлари халқаро амалиётда, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларида ҳам қўлланилади. Ўзбекистон ҳам Солиқ мақсадларида шаффофлик ва ахборот алмашинуви бўйича глобал форумга қўшилган бўлиб, бу соҳада аниқ ва шаффоф қоидаларни жорий этишни талаб қилади.






























Изоҳлар 0
…