Дам олиш кунлари об-ҳаво кескин ўзгаради: қаерларда ёмғир ёғади?

Ўзбекистонда дам олиш кунлари об-ҳаво шароити бироз ўзгаради. Синоптиклар маълумотига кўра, шанба куни айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Якшанбадан эса ёғингарчилик тўхтаб, ҳаво ҳарорати яна кўтарилади.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, 3 июль, жума куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ҳамда кечки соатларда Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши эҳтимоли бор. Кундузи ҳаво ҳарорати 30–33 даража, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 35–37 даражагача етади.
4 июль, шанба куни Фарғона водийси, Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, айрим ҳудудларда чақмоқ чақиши кутилмоқда. Ҳарорат жума кунидаги кўрсаткичлар атрофида сақланиб қолади.
5 июль, якшанба куни эса республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво янада исиб, кундузи 34–37 даражагача, жанубий ҳудудларда эса 39 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.
Шамол тезлиги 7–12 метр/сонияни ташкил этади. 3 июль куни айрим чўл ҳудудларида шамол 15–20 метр/сониягача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Шунингдек, 3–4 июль кунлари тоғолди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши ҳамда сел-сув тошқинлари юзага келиш хавфи сақланиб қолмоқда.
Тошкент шаҳрида жума кечқурун ва шанба кунининг эрталабги соатларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Якшанба куни эса пойтахтда ёғингарчилик кутилмайди, кундузги ҳаво ҳарорати 34–36 даражагача кўтарилади.
Синоптиклар дастлабки прогнозларига кўра, 6 июлдан бошлаб республикада яна иссиқ ҳаво кучаяди. Ойнинг биринчи ўн кунлиги охирига келиб, кундузи ҳаво ҳарорати аксарият ҳудудларда 37–40 даражагача, жанубда эса 41–43 даражагача етиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…