Ўзбекистон ОТМларида янги таълим йўналишлари очилади

Ўзбекистонда бакалавриат ва магистратура босқичлари учун қатор янги таълим йўналишлари тасдиқланди. Улар орасида дронлар, мобил робототехника, яшил иқтисодиёт, иқлим ўзгариши ва барқарор шаҳарсозлик каби замонавий соҳалар бор.
Янгиликлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ҳамда иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган.
Классификатор расман янгиланди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур ҳужжат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бакалавриатда қандай янги йўналишлар очилади?
Янги тартибга кўра, бакалавриат босқичида қуйидаги замонавий йўналишлар бўйича кадрлар тайёрланади:
экология ва атроф-муҳит;
яшил иқтисодиёт;
иқлим ўзгариши;
қайта тикланувчи энергия;
сув ресурсларини бошқариш;
мобил робототехника;
учувчисиз учиш аппаратлари — дронлар;
барқарор қишлоқ хўжалиги;
экотуризм;
темир йўл муҳандислиги.
Айниқса, дронлар, робототехника ва қайта тикланувчи энергия каби йўналишларнинг киритилиши замонавий технологияларга қизиқувчи абитуриентлар учун янги имкониятлар очади.
Магистратурада ҳам янги мутахассисликлар бор
Магистратура босқичида эса бир қатор халқаро ва стратегик аҳамиятга эга мутахассисликлар жорий этилди.
Жумладан:
халқаро энергетик сиёсат;
халқаро сув дипломатияси;
циркуляр иқтисодиёт;
барқарор молия;
ривожланиш иқтисодиёти;
экология ҳуқуқи;
халқаро савдо ҳуқуқи;
назарий ва муҳандислик физикаси;
урбанистика;
барқарор шаҳарсозлик;
иқлимга чидамли ўрмон хўжалиги;
барқарор туризм.
Ушбу мутахассисликлар келажакда энергетика, экология, молия, ҳуқуқ ва шаҳарсозлик соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Айрим йўналишлар номи ўзгартирилди
Классификаторда аввалдан мавжуд бўлган айрим таълим йўналишлари ҳам қайта номланди.
Хусусан, 760-позициядаги бакалавриат йўналиши «Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш» деб ўзгартирилди.
766-позициядаги магистратура мутахассислиги эса «Давлат ва ҳарбий бошқарув» номи билан тасдиқланди.
Бундан ташқари, 799-позиция классификатордан бутунлай чиқарилди.
Янги йўналишлар орасида қайси бири сизга энг истиқболли кўринди?































Изоҳлар 0
…