450 минг долларлик ишни ташлаган ўзбекистонлик бугун миллионлик бизнес эгаси

Бир пайтлар дунёнинг энг йирик технологик компанияларида ишлаб, йилига 450 минг доллар маош олган ўзбекистонлик Салоҳиддин Абдулкафий бугун бутунлай бошқа йўлни танлаган. У ҳозир АҚШнинг Техас штатида фаолият юритаётган ҳалол ББҚ ресторани эгаси сифатида муваффақият қозонмоқда.
35 ёшли тадбиркор 2024 йил декабрь ойида ўз ресторанига асос солган. Қисқа вақт ичида бизнеси тез суръатларда ривожланиб, ҳозирда йиллик айланмаси 2 миллион доллардан ошгани айтилмоқда.
Салоҳиддин ресторан бизнесига киришдан олдин 14 йил давомида технология соҳасида фаолият юритган. У Microsoft, Google, YouTube ва Shopify каби дунёга машҳур компанияларда ишлаган ҳамда фаолиятининг энг юқори нуқтасида йилига 450 минг доллар даромад олган.
Бироқ юқори маош ва нуфузли лавозим унга кутилган қониқишни бермаган. Унинг таъкидлашича, вақт ўтиши билан технология соҳасидаги ишлар инсонлар ҳаётини яхшилашдан кўра, компаниялар фойдасини оширишга кўпроқ хизмат қилаётгандек туюла бошлаган.

“Назаримда, ишимиз одамлар ҳаётини яхшилаш ёки бизнесга ёрдам беришдан кўра, кўпроқ пул ишлашга қаратилиб қолгандек эди”, — дейди Салоҳиддин Business Insider нашрига берган интервюсида.
Айнан шу қарашлар уни фаолиятини тубдан ўзгартиришга ундаган. Салоҳиддин юқори маошли IT карьерасини ортда қолдириб, ресторан бизнесига киришга қарор қилган. Бугунги кунда эса у Техасдаги ҳалол ББҚ ресторани орқали нафақат муваффақиятли тадбиркор, балки ўзбекистонликлар учун илҳом манбаига ҳам айланмоқда.






























Изоҳлар 0
…