Қашқадарёда етиштирилган помидор қоқилари Европа ва Осиё бозорларига йўл олмоқда

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида етиштирилган помидорлардан тайёрланаётган қоқи маҳсулотлари Италия ва Туркия бозорларига экспорт қилинмоқда.
Қуёшда пишган қизил помидорлар қайта ишланиб, қўшимча қийматга эга маҳсулотга айлантирилмоқда. Бу орқали Чироқчи туманининг экспорт салоҳияти ҳам кенгаймоқда.
Маълум қилинишича, Италия ва Туркияга жами 50 тонна помидор қоқиси етказиб бериш бўйича шартнома тузилган. Помидорни тайёр маҳсулот ҳолатига келтириш жараёни тахминан беш кун давом этади. Шундан сўнг қоқилар қадоқланиб, экспортга жўнатилади.
Дастлаб даладан териб олинган помидорлар сараланади ва иккига бўлинади. Кейинги босқичда улар махсус жойларга ёйилиб, табиий қуёш нури остида қуритилади.
Маҳсулот тайёр бўлгач, сифат назоратидан ўтказилади ва қадоқлаш ишлари бошланади. Шу тариқа, маҳаллий далаларда етиштирилган помидорлар Европа ва Осиё бозорларига тайёр маҳсулот сифатида чиқарилмоқда.































Изоҳлар 0
…