Солиқ кешбэки бекор бўладими?

Солиқ кешбэки бекор бўладими?

Ўзбекистонда харидлар учун берилаётган 1 фоизлик солиқ кешбэкини бекор қилиш таклифи илгари сурилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва фискал таҳлиллар институти томонидан эълон қилинган таҳлилий материалда маълум қилинди.

Мутахассислар қайд этишича, сўнгги йилларда солиқ кешбэкларини молиялаштириш учун давлат бюджети харажатлари изчил ошиб бормоқда. Агар 2022 йилда ушбу мақсад учун 820 миллиард сўм йўналтирилган бўлса, 2026 йил якунларига бориб бу кўрсаткич 1,8 триллион сўмга етиши мумкин.

Таҳлил муаллифларининг фикрича, бундай ўсиш давлат бюджетига тушаётган юкламани сезиларли даражада оширмоқда. Шу боис амалдаги оммавий кешбэк тизимининг иқтисодий самарадорлигини қайта кўриб чиқиш вақти келгани таъкидланмоқда.

Қайд этилишича, умумий кешбэк тизими ўрнига аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ. Хусусан, ижтимоий реестрга киритилган фуқаролар учун ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар харидида ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш механизмини сақлаб қолиш таклиф этилган.

Таҳлилда келтирилишича, давлат томонидан ажратилаётган кешбэк маблағларининг катта қисми йирик савдо тармоқларида амалга оширилган харидларга тўғри келмоқда. Натижада бюджет, аслида, кешбэк бўлмаган тақдирда ҳам амалга оширилиши мумкин бўлган харидларни молиялаштирмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил май ойида истеъмолчиларга 146,6 миллиард сўм солиқ кешбэки тўланган. Шундан 15,7 миллиард сўми энг йирик ўнта савдо тармоғи ҳиссасига тўғри келган.

Мутахассислар фикрича, солиқ интизомини доимий пулли рағбат билан эмас, балки рақамлаштириш, шаффофлик ва қонунбузарликларнинг муқаррар аниқланиши орқали таъминлаш самаралироқ бўлади.

Шу муносабат билан умумий кешбэк тизими ўрнига чек талаб қилиш хавфи юқори бўлган соҳаларда давлат лотереяларини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Бундай лотереяларда автомобиллар, туристик йўлланмалар ва қиймати 5 миллион сўмдан юқори бўлган қимматбаҳо совғалар ўйналиши мумкин.

Институт ҳисоб-китобларига кўра, мазкур лотерея тизимини ташкил этиш учун тахминан 100 миллиард сўм етарли бўлади. Бу эса давлат бюджети харажатларини амалдаги кешбэк тизимига нисбатан қарийб 20 баробарга қисқартириш имконини бериши мумкин.

Айни пайтда бу таклиф таҳлилчилар томонидан илгари сурилган бўлиб, уни амалга жорий этиш бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар