Ўзбекистонда дам олиш кунлари ёмғир ва илиқ ҳаво кутилмоқда

Ўзбекистонда дам олиш кунлари ёмғир ва илиқ ҳаво кутилмоқда

Дам олиш кунлари Ўзбекистонда илиқ ва асосан қуруқ об-ҳаво кузатилади. Бироқ айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Маълум қилинишича, кечалари ҳаво ҳарорати 10–15 даража, кундузи эса 25–27 даража атрофида бўлади. Жанубий ҳудудлар ва чўл зоналарининг айрим жойларида ҳарорат 29–32 даражагача кўтарилиши мумкин.

10 октябрь куни кечқурун ғарбий ҳудудларга нам ҳаво массалари кириб кела бошлайди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг баъзи жойларида ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.

11 октябрь куни ёғингарчилик республика ҳудудларининг бошқа қисмларига ҳам тарқалади. Қорақалпоғистон, Хоразм, куннинг иккинчи ярмида чўл ҳудудлари ва жанубда, кечқурун эса марказий вилоятларнинг айрим жойларида ёмғир кутилмоқда. Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида ёғингарчилик бўлмайди.

Ҳудудларнинг аксариятида илиқ ҳаво сақланиб қолади. Фақат мамлакатнинг шимоли-ғарбида ҳарорат 18–23 даражагача пасайиши мумкин. Шамол йўналишини шарқдан ғарбга ўзгартириб, сониясига 7–12 метр тезликда эсади.

Тоғли ҳудудларда 9–11 октябрь кунлари баъзи жойларда ёмғир ёғади. 11 октябрь куни тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел ҳамда сув тошқини юзага келиши хавфи бор.

Тошкентда эса бугун ва дам олиш кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан сониясига 3–8 метр тезликда эсади. Пойтахтда кечалари ҳарорат 13–15 даража, кундузи эса 25–27 даража бўлиши прогноз қилинган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар