date

Тошкентда “Президент арчаси” тантаналари бошланди

Тошкентда “Президент арчаси” тантаналари бошланди

Тошкентдаги “Туркистон” санъат саройида 29 декабрь куни “Президент арчаси” тантаналари бошланди. ЎзА хабарига кўра, байрамга шаҳардаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган, серфарзанд оилаларнинг ўғил-қизлари таклиф этилди.

“Арча атрофига жам бўлган болаларга турли эртак ва мультфильмлар қаҳрамонлари ҳамроҳ бўлиб, биргаликда Қорбобо ва Қорқизни даврага чорлайди. Қорбобою Қорқиз, айиқчаю тулкича, Зумрад ва Қиммат, Насриддин Афанди каби севимли қаҳрамонлар билан байрам янада завққа тўлади”, – дейилади ЎзА хабарида.

Эстрада ижрочилари ва цирк усталари иштирокидаги мусиқий дастур, ранг-баранг рақслар, болаларнинг зеҳнини чархловчи турли ўйинлар, тез айтишлару топишмоқлар байрамга янада жўшқинлик бағишлайди. Топқир, зеҳнли ва зийрак ўғил-қизларга Қорбобо ўйинчоқлар, китоблар, ширинликлар совға қилади.

Арча атрофидаги томошалардан сўнг болалар залга таклиф этилди. Улар учун «Томоша» болалар студияси томонидан тайёрланган «Мўъжизалар китоби» театрлаштирилган дастури намойиш этилди. Шундан сўнг, болаларга Ўзбекистон Президентининг Янги йил совғалари топширилди.

ЎзАнинг қайд этишича, бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.

Манба: kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда “Президент арчаси” тантаналари бошланди