
Сўнгги кунларда «Nasafnews» ахборот порталига Шаҳрисабз тумани эмас, балки Шаҳрисабз шаҳрининг марказидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Мурожаатларнинг мазмуни бир хил, газ йўқлиги, электр токидаги узоқ узилиш ва ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар.
Шаҳар марказида жойлашган «Марифат» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар 24 соат давомида электр токи ёнмаганидан шикоят қилмоқда. Улар мазкур масала бўйича Шаҳрисабз шаҳар электр таъминоти корхонасига мурожаат этишганлиги, лекин муаммо ҳал бўлмаганидан ташвишга тушмоқда.

Мурожаатларнинг мазмунига кўра, электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар баъзан 24 соат давом этмоқда. Иситиш печларидан фойдаланаётган фуқаролар эса бу узилишлар туфайли совуқ кунларда азият чекяпти.
«Nasafnews» масалага аниқлик киритиш мақсадида Шаҳрисабз шаҳар электр таъминоти корхонаси ходими Анвар Тўраев билан боғланди.
- 24 соат электр токида узилиш бўлиши мумкин эмас, агарда шундай ҳолат кузатилган бўлса биз имкон қадар муаммони бартараф этганмиз.
24 ноябръ куни эса 6 ёки 7 соат «Марифат» маҳалласида электр токи ёнмади. Бунга сабаб таъмирлаш ишлари олиб борилганидир.
Кўп қаватли хонадонларда газ йўқ. Улар совуқ кунда иситиш мосламаларидан фойдаланишади. Шу сабабли электр токи хиралашиб қолади, - дейди Анвар Тўраев.
Вилоятимизда ҳали куз фасли тугамасдан қишнинг совуқ кунлари ҳукмронлик қилмоқда. Ҳамма бундай совуқ кунларда иссиқлик тизимидан фойдаланишга ҳаракат қилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, хонадонларида газ бўлмаган фуқаролар электр токи орқали иситиш мосламаларидан фойдаланади. Лекин соатлаб электр энергиясида узилишлар кузатилишини қандай тушуниш мумкин?
Наҳотки масъуллар бу муаммони ечишнинг бирор бир чорасини топа олмаса?
Дилшод Набиев