2 222
Президент: «Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган гап айнан мана шу коронавирус ҳақида айтилган»
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Тадбир аввалида давлат раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталиб ўтди.
Бугунга келиб юртимизда COVID-19 билан касалланганлар сони 15 мингдан ошгани, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 8 мингдан ортиқ киши соғайгани қайд этилди. Афсуски, ушбу вирус туфайли қарийб 80 нафар фуқаро вафот этган.
«Вазият ҳамон жиддийлигича қолмоқда. Шунинг учун ҳеч қайси ҳудуд раҳбари бизда аҳвол яхши, деб, хотиржамликка берилишга ҳаққи йўқ. Ҳамма жойда камчиликлар бор. Энг асосий вазифа – уларни вақтида аниқлаб, холис баҳо бериб, тезда тугатиш чорасини кўришдан иборат. Бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган гап айнан мана шу коронавирус ҳақида айтилган. Агар биз бу хатарга бепарво, беғам бўлсак, минглаб одамларнинг соғлиғи ва тақдирини хавф остига қўямиз, вазиятимиз янаям оғирлашади. Энг қўрқинчлиси, ўлим сони кескин кўпаяди», деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиш жоиз, давлатимиз раҳбари ўзининг аввалги чиқишларида пандемияга қарши кураш стратегияси ва тактикасини тубдан ўзгартириш кераклиги ҳақида гапирган эди. Бугун ҳам шу масалага тўхталар экан, ҳозирги пандемия шароитига мос энг кучли, энг таъсирчан воситаларни ишга солиш зарурлигини таъкидлади.
«Бу курашда давлат ва хусусий тиббиёт тизими, барча идораларнинг доимо сафарбар ҳолатда бўлиши ва самарали ишлаши, шифокорларнинг фидойилиги, халқимизнинг онглилиги бизнинг асосий қуролимиз бўлиши шарт. Фақат тезкор ва мунтазам сафарбарлик, темир интизом, тиббий маданият, юксак онглилик билангина биз бу офатга қарши кураша оламиз», дея сўзида давом этди президент.
Бу борада энг катта масъулият ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари зиммасида экани яна бир бор эслатиб ўтилди. Бунинг учун уларда ўз ҳудудларидаги мавжуд вазият ҳақида тўлиқ ва ҳаққоний маълумотлар бўлиши, улар ҳар куни, ҳар соатда янгиланиб бориши кераклиги таъкидланди.
«Ҳокимлар, сектор раҳбарларининг, барча мутасадди ва масъулларнинг мияси соат механизмидай кун-у тун, аниқ ва бехато ишлаши лозим. Афсуски, биз кўпинча мана шу масалаларда оқсаяпмиз. Қўлимизда аниқ маълумот, асосланган таҳлилий материаллар йўқлиги туфайли қабул қилган қарорларимиз кутилган натижани бермаяпти. Бу масалада қандай ёрдам зарур бўлса, марҳамат, айтинглар, барчасини ҳал қиламиз. Чунки мақсад битта: тезроқ бу балодан қутулиб, иқтисодиётимизни, ижтимоий ҳаётимизни тўлиқ тиклаб олишимиз керак», деган давлат раҳбари.
Президент видеоселектор йиғилишида яна бир бор халқимизга мурожаат қилди.
«Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим. Шу муносабат билан халқ вакиллари бўлган депутатларимиздан, ижодкор зиёлиларимиз, ҳурматли журналистларимиз, маҳалла фаолларидан илтимос қиламан: пандемия даврида ҳар бир одамнинг шахсий масъулияти ҳақидаги тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз керак.
Биз пандемияни қачон енгамиз? Қачонки, ҳар бир одам ўзидаги бепарволикни енгса, ўзи, оиласи ва фарзандлари, бутун халқимиз ҳаётига масъулият билан қарайдиган бўлса.
Биз шунга қодирмизми? Албатта, қодирмиз. Ишончим комил, бугунги вазиятнинг ўзи тақозо этаётган мана шундай ҳиссиёт ва қарашлар ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгига чуқур кириб боради. Ва биз бу синовдан, албатта, муносиб ўтамиз», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, 15 июль куни Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемияга қарши кураш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилиниб, аниқ вазифалар белгиланган эди. Бу борада кўрилган тезкор чора-тадбирлар бўйича бугун Тошкент шаҳри ҳокими, Бош прокурор ва бошқа мутасадди раҳбарлар ҳисобот берди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди