
Хитойнинг энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган BYD февраль ойи бошида барча моделларини God’s Eye («Илоҳий кўз») номли автоном ҳайдаш тизими билан жиҳозлашини эълон қилди. Бу қарор Хитой автосаноатида катта инқилобга сабаб бўлди. Geely эса технологик устунликни рақибга топширмаслик мақсадида худди шундай ташаббус билан чиқди. Энди G-Pilot автопилот тизими Geely, Zeekr, Lynk & Co ва LEVC брендининг барча моделларида мавжуд бўлади.
Бунгача автопилот тизимлари жуда қиммат имконият ҳисобланган. Масалан, Tesla ўзининг FSD (Full Self-Driving) номли иккинчи даражали автоном ҳайдаш тизимини 8000 доллар эвазига таклиф қилади. Mercedes-Benz компаниясининг учинчи даражали Drive Pilot тизими эса фақатгина қимматбаҳо EQS ва S-класс моделларида мавжуд бўлиб, АҚШдагина тасдиқланган ва 2500 долларлик дастлабки тўлов ҳамда обуна талаб қилади. Шу сабабли, Geely ва BYD компанияларининг автопилот технологияларини оммавийлаштириш ҳаракати хитойлик харидорлар учун жуда маъқул бўлди.
G-Pilot: турли даражалардаги конфигурациялар
BYD компаниясининг God’s Eye тизими каби Geely ҳам турли нарх тоифалари учун мос конфигурацияларни таклиф қилади. Ҳатто Geely бу борада BYD’дан устунликка эга — учта эмас, бешта версияни ишлаб чиқди. Улар дастурий ҳамда аппарат жиҳатдан фарқ қилади:
- G-Pilot H1 — 10 та камера ва 5 мм радарлар билан жиҳозланган. Адаптив круиз-контроль, автоматик тўхташ ва трассада ҳаракатланиш имкониятига эга.
- G-Pilot H3 — 10 та камерага эга, аммо 3 мм радарлар билан ишлайди. Бу версияда шаҳар автопилоти қўшилган.
- G-Pilot H5 — лидар ва қўшимча камера билан тўлиқ «эшикдан эшикка» ҳайдаш имкониятини беради.
- G-Pilot H7 — сунъий интеллект имкониятлари кенгайтирилган ва кучлироқ процессорга эга.
- G-Pilot H9 — 13 та камера ва бир неча лидар билан жиҳозланган. У келажакда учинчи даражали автоном ҳайдаш сертификатига эга бўлиши мумкин.
Интеллектуал интеграция
Geely нафақат автоном ҳайдаш технологияларини ривожлантирмоқда, балки сунъий интеллектни ўзининг Flyme Auto операцион тизимига чуқур интеграция қилишни ҳам режалаштирмоқда. Янги тизимда илғор овозли ёрдамчи ва анимацияланган аватарлар жорий қилинади, бу эса фойдаланувчилар учун ҳайдаш жараёнини янада қулай ва интерактив қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар