Ўзбек устасининг елимсиз ясалган ёғоч мосламаси хорижликларда қизиқиш уйғотди (видео)

Ўзбекистонлик ҳунарманднинг яхлит ёғоч бўлагидан ясаган ноодатий мосламаси ижтимоий тармоқларда эътибор қозонди. Китоб, планшет ва телефон қўйишга мўлжалланган ушбу буюмнинг энг қизиқ жиҳати — уни тайёрлашда елим ёки михдан фойдаланилмаган.
Устанинг маҳорати билан ёғочнинг алоҳида қисмлари бир-бирига мослаб ишланган ва мураккаб конструкция ҳосил қилинган. Бундай усул ўзбек ёғоч ўймакорлигида қадимдан қўлланиб келадиган анъанавий ҳунармандчилик намуналаридан бири — лавҳ тайёрлаш санъатига хос.
Лавҳ, одатда, китобларни, хусусан, Қуръони каримни ўқишда фойдаланиладиган ёғоч қўйгич ҳисобланади. Унинг айрим турлари яхлит ёғоч бўлагидан ясалиб, мих, елим ва шарнирларсиз очилиб-йиғилади.
Видеода ҳам ўзбек ҳунармандининг миллий ёғоч ўймакорлигидаги анъанавий буюми — лавҳни хорижлик сайёҳларга таништираётгани акс этган. Уста инглиз тилида тушунтириш бериб, ушбу мосламадан 6–7 хил усулда фойдаланиш мумкинлигини кўрсатади.
Жумладан, лавҳга китоб, телефон, планшет ва ҳатто компьютерни ҳам жойлаштириш мумкинлигини амалда намойиш этади. Сайёҳлар эса буюмнинг ўзига хос тузилиши ва кўп вазифали эканини кўриб, ҳайратларини яшира олмаган.
Ушбу лавҳ нафақат ўзбек усталарининг юксак маҳоратини, балки миллий ҳунармандчилик анъаналарининг замонавий ҳаётда ҳам ўз ўрнига эга эканини намоён этди.






























Изоҳлар 0
…