Филиппинда Майон вулқони отилиб, осмонга 3 км баландликда кул кўтарилди (видео)

Филиппиндаги энг фаол вулқонлардан бири ҳисобланган Майон 30 октябрь куни отилди. Отилиши натижасида унинг кратери устида 3 минг метр баландликкача кул устуни ҳосил бўлди. Бу ҳақда NDTV нашри хабар берди.
Филиппин Вулканология ва сейсмология институти маълумотига кўра, отилиш маҳаллий вақт билан соат 11:53 да бошланиб, қарийб олти дақиқа давом этган. Осмонга кўтарилган қуюқ кул шамол таъсирида жануби-ғарбий томонга тарқалган. Шу сабабли Албай вилоятидаги Дарага, Гуинобатан, Камалиг ва уларга яқин ҳудудларда кул ёғиши кутилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, атрофдаги шаҳар ва қишлоқларда жабрланганлар ёки вайронгарчиликлар қайд этилмаган.
Вулқон фаоллиги кучайгани сабабли PHIVOLCS Майоннинг хавф даражасини 0 дан 5 гача бўлган шкала бўйича 2-босқичдан 3-босқичга кўтарган. Мутахассислар кратердан 6 километр радиусдаги доимий хавфли ҳудуд аҳолисини эвакуация қилишни тавсия этган. Шунингдек, учувчиларга вулқон чўққисига яқин ҳудудда парвоз қилмаслик ҳақида огоҳлантириш берилган.
Мутахассислар Майонда магматик отилишнинг янги босқичи бошланганини билдирган. Бу эса яқин кунлар ва ҳафталарда лава оқимлари, шунингдек, жуда юқори ҳароратли газ ва вулқон материалларидан иборат пирокластик оқимлар юзага келиш хавфини оширади.
Маълумот учун, баландлиги 2 462 метр бўлган Майон вулқони Филиппин пойтахти Маниладан қарийб 330 километр жануби-шарқда жойлашган. У мамлакатдаги энг фаол вулқонлардан бири бўлиб, ўзининг деярли мукаммал конус шакли билан ҳам машҳур.






























Изоҳлар 0
…