Россиялик ҳайдовчилар BMW ўрнига Li Auto моделларини танламоқда

“Автостат” агентлиги Лихианг (Li Auto) клуби билан ҳамкорликда ўтказган сўровнома натижаларига кўра, россиялик автомобил эгалари оммавий равишда гибрид кроссоверларга ўтишни бошлаган. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, Li Auto эгаларининг аксарияти илгари Германия ва Япония премиум брендларидан фойдаланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Статистикага кўра, Li Auto эгаларининг 15,2 фоизи аввал BMW ҳайдаган. Иккинчи ўринни 11,2 фоиз кўрсаткич билан Volkswagen эгаллаган бўлса, кейинги поғоналардан Audi (9,1%), Mercedes-Benz (8,5%) ва Lexus (6,4%) жой олган. Бу тенденция Хитойнинг юқори технологияли гибридлари анъанавий люкс брендлар билан жиддий рақобатлашаётганини кўрсатади.
Қизиғи шундаки, харидорлар Li Auto моделини танлашдан олдин муқобил вариант сифатида яна ўша BMW брендини (23,3%) кўриб чиқишган. Шунингдек, рўйхатда Вояҳ ва Zeekr каби брендлар ҳам қайд этилган. Сўровда қатнашганларнинг 17,2 фоизи эса Лихианг моделларига умуман муқобил кўрмаганликларини таъкидлашган.
Автомобил эгалари ушбу брендни танлашларига асосий сабаб сифатида динамика, замонавий дизайн, интерер қулайлиги, функционаллик ва йиғув сифатини кўрсатишган. Брендга бўлган садоқат даражаси ҳам ҳайратланарли: сўровда қатнашганларнинг 94 фоизи келажакда яна Li Auto маҳсулотларини сотиб олишга тайёр эканликларини билдиришган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!