Ўзбекистонда 30 йилдан ошган автомобилларни утилизация қилиш тизими жорий этилади

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ вақт бўлган автомобилларни босқичма-босқич утилизация қилиш тизими жорий этилади.
Чиқиндиларни бошқариш агентлиги йўлга қўяётган янги тартибга кўра, эски транспорт воситалари давлат томонидан бозор қийматида сотиб олинади. Автомобил эгаларига икки хил танлов берилиши кўзда тутилган. Улар пул компенсациясини олиши ёки маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобилни имтиёзли шартларда харид қилиш учун электрон ваучердан фойдаланиши мумкин.
Электрон ваучер орқали янги автомобилни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам тақдим этилади. Бу тартиб эски транспорт воситасини топширган фуқароларнинг янги автомобил сотиб олишини енгиллаштиришга қаратилган.
Фойдаланиш муддати тугаган автомобилни утилизацияга топширишдан бош тортган фуқаролар ҳар йили 30 БҲМ миқдорида экологик компенсация тўлаши керак бўлади.
Янги чоралар атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдорини камайтириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини ривожлантириш мақсадида амалга оширилади.































Изоҳлар 0
…