09:30 / 12.03.2020
4 334

UzAuto’нинг янги нархлари адолатлими? Корхона ўзи билганича нарх белгилашга ҳақлими?

UzAuto’нинг янги нархлари адолатлими? Корхона ўзи билганича нарх белгилашга ҳақлими?
Фото: Ўткирбек Холмирзаев
UzAuto автомобиль нархларини ошириш катта шов-шув ва муҳокамаларни келтириб чиқарди. Бир қарашда баҳсли масалаларга ойдинлик киритиши лозим бўлган парламент эшитувлари ҳам аслида кўп саволларни очиқ қолдирди. Бу саволларнинг баъзиларига жавоб топиш учун юрист, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Ўткирбек Холмирзаевга мурожаат қилдик. У нарх оширилиши қай даражада адолатли ва қонуний бўлганинга изоҳ берди.

UzAuto Motors АЖ автомобиль нархларини ошириши жамиятда катта баҳслар келтириб чиқарди.
Компания мутахассислари Олий Мажлис ва ОАВ вакиллари билан бўлган парламент эшитувларида ўз товарлари нархи оширилиш сабаблари бўйича аргументларини келтирди. Асосий масала қолиб бошқа масалалар муҳокама қилишга ўтиб кетилди (компания товарларининг чет элдаги нархлари, товарлардаги нуқсонлар ва ҳ.к.).

Кўриниб турибдики, эшитувлар оширилган нархлар бўйича тушунтириш бериш ва имкон қадар нархларни оқлаш, норозилик келиб чиқишининг олдини олиш учун ташкил этилган. Тадбирдаги аҳвол, айниқса модератор апологетикаси менга жуда кулгули туюлди. Депутатлар юридик жиҳатдан профессионал эмаслиги, масаланинг қонуний асосларини кўриб чиқиш ўрнига ижтимоий контекстдан аргументлар қидирганига эътибор қаратдим.

Лекин жамият ҳам, ОАВ ҳам, депутатлар ҳам бир нарсани назардан четда қолдирди. Бу – айни компания товарлари нархларини белгилашни тартибга солувчи қонун билан ўрнатилган қоидалар. Зеро нарх оширилиши адолатли-адолатсизлиги мазкур нормаларга асосан белгиланиши керак эди.

Аслида-ку, монополия ёмонлиги, ҳар қанча тартиб ўрнатилмасин монополия уни четлаб ўтиши, қонунчилик билан бошқариб бўлмаслиги аён. Лекин ҳали рақобатли бозор йўқ экан, ҳеч бўлмаса ўрнатилган тартибга риоя қилиб нарх белгиланишини талаб қилиш мумкин.

Аслида ҳар бир тижоратчи ташкилот ўз товарларига бозордан келиб чиқиб ўзи нарх белгилайди. Лекин шундай (монопол) тижоратчи субъектлар борки, рақобат тўғрисидаги қонунчиликка кўра улар товарларига нарх белгилашда айрим тартибларга риоя қилишга мажбур.

Устун мавқе нима?
«Рақобат тўғрисидаги» қонунга кўра, устун мавқе бу бозорда бир субъектнинг бошқа рақобатлашувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошириши ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши, шунингдек, тегишли бозорга бошқа субъектларнинг киришини қийинлаштириши ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаши имкониятини берадиган ҳолатдир.

Устун мавқе эътироф этилиши учун субъект бозорда 50 фоиз ва ундан ортиқ улушга эга бўлиши ёки айрим шартлар билан бирга 35 фоиздан ортиқ улушни эгаллаши етарли.

UzAuto Motors АЖ бозорда устун мавқега эга
Бизнинг UzAuto Motors ушбу белгиларга тўла мос келади: тегишли бозордаги улуши 100 фоизга яқинлашади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, UzAuto Motors АЖ автомобиль бозорида устун мавқени эгалловчи хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади.

Ушбу корхона, менимча, устун мавқенинг энг олий даражасида монопол мавқеда бўлса керак, яна ҳисоб-китоб қилувчи ваколатли органлар яхшрироқ билади. Зеро бозорда унга деярли рақиб йўқ, унинг бозордаги улуши қарийб 100 фоизга яқин. Бу ҳақда очиқ маълумот йўқ, лекин бир вақтлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари буни айтиб ўтган эди.

Шунингдек, қонучилик устун мавқедаги корхоналар ўз мавқеини суиистеъмол қилишини тақиқлайди ва унга йўл қўймаслик учун ҳам у мавжуддир.

Устун мавқени суистеъмол қилиш бу пировард натижада рақобатни чеклашга ва/ёки истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлардир. Қонунда ушбу суиистеъмолнинг айрим таркиблари саналган бўлиб, масалан, товарнинг монопол юқори ёки монопол паст нархларини белгилаш ҳам суиистеъмол ҳисобланади.

Қонунга кўра, товарнинг товар бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект томонидан белгиланадиган нархи, агар ушбу нарх:

бундай товарни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун зарур бўлган харажатлар ҳамда фойда суммасидан юқори бўлса;

асоссиз харажатларнинг ўрнини қоплашга ёки товарнинг сифатини пасайтириш натижасида қўшимча фойда олишга йўналтирилган бўлса, монопол юқори нархдир.

Кўпчилик наздида UzAuto Motors белгилаган нархлар асоссиздай (зеро у монопол, нархини асослаши керак). Унда асослилигини ким текширади? Конференцияда буни муҳокама қилиб бўлмайди, харажатларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва кейин қарор қабул қилиш керак бўлади.

UzAuto Motors нархларни қандай ўрнатади?
Юқоридаги ҳужжатни яхшилаб ўрганиб чиқсак, ягона авто ишлаб чиқарувчимиз устун (ёки монопол) мавқе эгаллаган корхона сифатида махсус реестрга киритилган ва шунга мувофиқ у ўз товарларига ўзи истаганича нарх белгилаш ҳуқуқига эга эмас.

Қонунда товарнинг бозордаги монопол нархи Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланиши кўрсатилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги «Товар бозорларида монополияга қарши тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси субъектлар товарларига нархларнинг ўзгариши динамикасини кузатиб бориши:

- ҳар чоракда субъектлар томонидан тақдим этилган товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган товарларга қўлланиладиган нархлар тўғрисидаги маълумотларни;
- статистика органлари маълумотларини (маълумотномалар, бюллетенлар ва бошқаларни);
- оммавий ахборот воситалари маълумотларини;
- белгиланган тартибда амалга ошириладиган назорат функциялари материалларини (ўрганишлар натижасида текшириш бўйича далолатномалар ва маълумотномалар, берилган кўрсатмалар ва бошқаларни);
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маълумотларини таҳлил қилиб бориши белгиланган.

Ушбу қарорда монопол нархларни аниқлаш, уларнинг асослилигини текшириш тартиби ҳам белгиланган бўлиб, UzAuto Motors нархларини ушбу нормага мувофиқлигини текшириш лозим. Фақат ваколатли органгина аниқ ҳисоб-китобларга асосланиб нархларнинг қанчалик адолатли ёки монопол эканлигини аниқлай олади.

Демак, реестрга киритилган монопол корхоналарнинг нархлари Монополияга қарши орган томонидан таҳлили қилиниши, унинг нархлари товар бозорида қиёсланадиган нархларнинг тегишли ўсиш суръатлари билан таққослаш бўйича товар нархининг 10 фоизга асоссиз оширилишида ёки товар нархи асоссиз ўзгартирилишидан далолат берувчи бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланадиган монопол юқори нарх ҳодисаси аниқланганда тегишли чоралар кўрилиши керак.

Ҳозир таннархни, харажатларни нархларни ҳисоблаш ва шакллантириш тартибига тўхталиб ўтирмаймиз, зеро бу мураккаб иш, уни мутахассислар қилиши керак.

Автомобилга нарх ошгани учун кимдан ҳисобот сўраш керак?
Нархларни асослашни UzAuto Motors’дан эмас, у бевосита ушбу соҳадаги ваколатли орган – Монополияга қарши курашиш қўмитасидан сўрашимиз керак.

Қонунга кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси нархни ўрганиши, қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сон қарори билан тасдиқланган Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиши лозим. Ахир улар монопол нархлар ўрнатилмаслиги, истеъмолчилар ҳуқуқлари камситилмаслиги ва ушбу соҳадаги қонун устуворлиги учун масъул. Шунинг учун иш ҳақи олади улар.

Қолаверса, Монополияга қарши орган монопол нархларни аниқлашда оммавий ахборот воситалари маълумотларини ҳам таҳлили қилиб бориши қарорда кўрсатилган.
* * *
Хулоса қилиш мумкинки, Олий Мажлис депутатлари, улар ҳақиқатан нархларни ўрганиш, монопол, асоссиз нархларга йўл қўймаслик мақсадида бўлса, UzAuto Motors’ни эмас, ваколатли давлат органи –Монополияга қарши курашиш қўмитасини чақириб, эшитувлар уюштириши керак. Зеро улар мутахассис ва аниқ ҳисоб-китоблар билан жавоб беради. Монопол корхонани сўроққа тутишдан не наф? У доим ўз нархини ҳимоя қилади ва бу учун уни айблаш қийин.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » UzAuto’нинг янги нархлари адолатлими? Корхона ўзи билганича нарх белгилашга ҳақлими?