00:04 / 22.07.2020
3 211

Наманганда Shangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилади

Наманганда Shangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилади
Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати
Наманган вилоятининг Чуст тумани ҳудудида жойлашган «Наманган» эркин иқтисодий зонасида Shangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасига старт берилди. Бу ҳақда «Дарё» хабар бермоқда.

Мазкур эркин иқтисодий зона Президентнинг 2018 йил 20 августдаги фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, 681 гектар майдонни эгаллаган. Ҳозирда бу ерда умумий қиймати 601 миллион долларлик 18 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Улардан иккитаси — «Чуст текстиль» ва «Ифода агрокимёҳимоя» корхоналари аллақачон ўз фаолиятини бошлаган.

Хитойнинг Shangan бренди остида кичик юк автомобилларини ишлаб чиқариш «Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Лойиҳага сўнгги 10 йил давомида БААнинг Ажман шаҳрида истиқомат қилиб келаётган асли наманганлик тадбиркор Жобирхон Ҳомидов томонидан 800 минг доллар, 2 миллион доллар хорижий инвесторлар улуши ва 3 миллион доллар банк кредити, жами 5,8 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилмоқда.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати
Наманган Shangan Motors МЧЖ томонидан лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 1800 та 1-1,5 тонна юк кўтарадиган 4 хил русумдаги автомобиль ишлаб чиқарилади ва 120 киши иш билан таъминланади. Кейинги 3 йил давомида маҳаллийлаштиришни 50 фоизгача етказиш ва маҳсулотнинг учдан бир қисмини БАА ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.

Тадбиркорнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг ўзида йилига 20 мингтагача шундай русумдаги автомобилларга эҳтиёж мавжуд. Яқин ва узоқ хориж бозорлари инобатга олинадиган бўлса, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш имкониятларини чамалаш мумкин бўлади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати
«Shangan Motors томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларга ҳозирнинг ўзида талаб ва харидорлар етарли эканлиги кишини қувонтиради. Келгусида бу ерда эҳтиёт қисмлари тайёрланадиган бошқа корхоналар ҳам пайдо бўлиши ва яхлит мажмуа юзага келиши айни муддао бўлади», — деди корхонага тамал тоши қўйилиши маросимида иштирок этган Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров.

Корхонада 2021 йилнинг биринчи чорагида илк автомобиллар ишлаб чиқарилиши бошланиши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Наманганда Shangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилади