12:34 / 21.07.2022
1 789

«Россия ўлдирмоқда, Америка қутқармоқда» — Олена Зеленская АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаб, кўпроқ қурол сўради

«Россия ўлдирмоқда, Америка қутқармоқда» — Олена Зеленская АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаб, кўпроқ қурол сўради
Фото: Reuters
Украинанинг биринчи хоними Олена Зеленская АҚШ Конгрессида нутқ сўзлади. У нутқи аввалида бу Америка конгрессида бошқа мамлакат президенти рафиқасининг илк бор сўзга чиқиши эканини таъкидлаб ўтди.

«Одатда, президентларнинг рафиқалари фақат тинчлик ишлари билан шуғулланади – таълим, инсон ҳуқуқлари, тенг имкониятлар каби. Аммо мамлакатимга қарши ҳеч қандай сабабсиз террорчилик уруши кетаётган бир пайтда, юқоридагилар ҳақда қандай гапиришим мумкин?» — деди Зеленская.

Фото: Reuters
Владимир Зеленскийнинг рафиқаси АҚШ парламенти аъзоларига Россия ракетасидан ҳалок бўлган винницалик тўрт ёшли Лизанинг суратларини кўрсатди. У, шунингдек, Россия босқинидан жабрланган яна бир қанча украиналик оилалар ҳақида гапирди.

«Бу уруш яна қанча оилаларни вайрон қилади? Бу Россиянинг очкўзлик ўйинлари. Украинанинг тинч шаҳарларида тинч аҳолини ов қилиш», — деди у.

Зеленская АҚШга кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдиради. «Қўшма Штатлар умумий қадриятларимиз, ҳаётимиз ва мустақиллигимиз учун курашда биз билан бирга эканидан жуда миннатдормиз. Россия ўлдирмоқда, Америка қутқармоқда», — деди у ва Конгрессдан қурол етказиб беришда давом этишни сўради.

«Қурол бегона юртга ҳужум қилиш учун эмас, балки ўз уйингизни ҳимоя қилиш ва унда тирик уйғонишни таъминлаш учун зарур», — деди Украина биринчи хоними.

Украина президентининг рафиқаси Олена Зеленская 19 июль куни АҚШга расмий ташриф билан келди. У АҚШ президенти Жо Байден ва унинг рафиқаси Жилл, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди.

20 июль куни АҚШ барча украиналикларни Dissident Human Rights Award мукофоти билан тақдирлади. Маросим Вашингтондаги Коммунизм қурбонлари ёдгорлигида бўлиб ўтди. Мукофотни бутун украин халқи номидан Олена Зеленская қабул қилиб олди.

Зеленская Украина ҳукуматида ҳеч қандай расмий лавозимга эга эмас, аммо урушнинг тўрт ойи давомида сиёсатчилар, жамоат ташкилотлари ва журналистлар билан ўз даражасида мулоқот олиб бормоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Россия ўлдирмоқда, Америка қутқармоқда» — Олена Зеленская АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаб, кўпроқ қурол сўради