22:38 / 08.12.2022
1 058

АҚШ ва Россия маҳбуслар алмашувини амалга оширди

АҚШ ва Россия маҳбуслар алмашувини амалга оширди
Фото: AP
Россия Федерациясида гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, 9 йилга қамалган америкалик баскетболчи Бриттни Грайнер АҚШда ноқонуний қурол етказиб беришда айбланиб, 25 йилга қамалган россиялик Виктор Бутга алмаштирилди.

Жараён 8 декабр куни Абу-Даби аэропортида бўлиб ўтди. Бут аллақачон Россияга қайтганини Россия ТИВ тасдиқлади. Грайнер самолётда уйига парвоз қилаётганини Жо Байден маълум қилди.

Хабарга кўра, Бут ҳам, Грайнер ҳам авф этилган ва жазо муддатининг қолган қисмини ўз мамлакатида ўтмайди.

Эслатиб ўтамиз, Бриттни Грайнер 2016 йилдан буён Екатеринбургнинг УГМК баскетбол клубида ўйнаб келаётганди. У 2022 йил 17 феврал куни Шереметьево аэропортида қўлга олинди. Нью-Йоркдан Москвага учиб борган Грайнернинг багажида қорадори мойи солинган электрон сигареталар топилган. Аёл оғриқ қолдирувчи восита ўрнига шифокорлар рухсати билан тиббий марихуана ишлатганини айтган. Қўшма Штатларда баскетболчи расман «ноқонуний ушлаб турилган» деб тан олинган ва президент Жо Байден уни озод қилиш нияти борлигини бир неча бор айтган эди.

«Қурол барони» лақаби билан танилган Виктор Бут 2008 йилда Таиландда ҳибсга олинган, 2010 йилда эса АҚШга экстрадиция қилинган. Икки йил ўтиб, у ноқонуний қурол савдоси ва терроризмни молиялашда айбланиб, 25 йилга қамалган. Россиялик барча айбловларни рад этиб келаётган эди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг