Маҳбуслар ташилаётган поезд вагонида ходим ҳалок бўлди

Россияда маҳбуслар олиб кетилаётган поезд вагонида жиддий ҳодиса содир бўлди. 2 октябрь куни “Владикавказ – Адлер” поезди таркибидаги махсус вагонда маҳбуслардан бири Жазони ижро этиш федерал хизмати ходимига ҳужум қилгани хабар қилинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа Кабарда-Балқария ҳудудидаги Муртазово станцияси яқинида юз берган. “112” ва РЕН ТВ манбалари вагонда маҳбуслар ўртасида исён кўтарилгани ҳақида хабар тарқатган.
Айтилишича, вагон Терек станциясида поездга уланган. Поезд Беслан орқали ҳаракатланганидан кейин вагонда стоп-кран тортилиб, тартибсизлик бошланган. Айрим хабарларда маҳбуслар қўриқчиларнинг қуролларини эгаллаб олгани ҳам айтилган.
Шундан сўнг вагон куч ишлатар тузилмалари томонидан ўраб олинган. Воқеа жойига тезкор хизматлар ва махсус бўлинмалар жалб қилинган. Дастлабки маълумотларда маҳбусларнинг ҳеч бири қочиб кетмагани айтилган.
Бироқ Россия ЖИЭФХдаги ТАСС манбаси воқеани “исён” деб баҳолашга қўшилмаган. Унинг маълум қилишича, вагондаги маҳбуслардан бири конвой ходимига ҳужум қилган ва унинг ўлимига сабаб бўлган.
Айрим манбалар ҳодиса оқибатида яна бир неча ходим жароҳатлангани ва кейинчалик маҳбуслардан бири ҳам ҳалок бўлганини билдирган. Ҳодисанинг барча тафсилотлари ҳозирча расмий равишда тўлиқ очиқланмаган.






























Изоҳлар 0
…