17:53 / 07.01.2023
454

Туркманистон «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлаб, Тайвань мустақиллигига қарши чиқди

Туркманистон «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлаб, Тайвань мустақиллигига қарши чиқди
Фото: TDH
Туркманистон «ягона Хитой» тамойилига қатъий содиқ қолади ва «Тайвань мустақиллиги»нинг ҳар қандай шаклларига қарши чиқади. Бу ҳақда Хитой халқ республикаси ва Туркманистон етакчилари Си Цзиньпин ва Сердар Бердимуҳамедовнинг Пекинда бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнотида айтилади, деб ёзади TDH агентлиги.

Туркманистон Тайвань кўрфази қирғоқлари ўртасидаги алоқаларнинг тинч йўл билан ривожланишини ва Хитой ҳукуматининг мамлакатни бирлаштириш бўйича барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, дейилади баёнотда. Шунингдек, унда қайд этилишича, томонлар ички ишларга ҳар қандай кучларнинг аралашувига йўл қўймаслик бўйича яқиндан ҳамкорлик қилади.

Хитой томони, ўз навбатида, Туркманистоннинг мустақил танланган ривожланиш йўлини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум тан олинган тамойилларига мувофиқ амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатини қатъиян қўллаб-қувватлашини билдирди.

Томонлар транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, газ соҳасидаги ҳамкорлик, армиялараро алоқалар ҳақида ҳам келишиб олди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Си Цзиньпиннинг таклифи билан 2023 йил 5—6 январь кунлари Хитойга ташриф буюрди.

Сердар Бердимуҳамедов ва Си Цзиньпин бундан аввал Ўзбекистонда 2022 йил сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида учрашган эди. Ўшанда Хитой раҳбари «газ соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳажми ва кўламини оширишдан» манфаатдор эканини билдирган, шунингдек, қўшма логистика лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлаган.

Ноябрь ойида Туркманистонга Хитойдан делегация ташриф буюрган. Музокараларнинг асосий мавзуси Афғонистондаги вазият бўлган.

Тайвань Хитойдан ажралиб чиққани ҳақида 1949 йилда, фуқаролар уруши даврида эълон қилган. Пекин оролнинг мустақиллигини тан олмайди ва уни ўз провинцияси деб ҳисоблайди.

Шу йилнинг апрель ойида бир гуруҳ АҚШ конгрессменлари ташрифидан кейин Хитой ва Тайвань атрофида вазият кескинлашди. Август ойи бошида, Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрганида бу кескинлик ўз чўққисига чиқди. Унинг ташрифи Хитой томонидан кескин танқидга учради.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг