![Байден Полшада нутқ сўзлади: «Руслар - душманимиз эмас, уруш - Путиннинг танлови»](/uploads/posts/2023-02/aozf8pl3yizqf-twxlc9xwvtc9i8sbd4.jpg)
Фото: Reuters
АҚШ президенти Жо Байден Полша пойтахти Варшава шаҳрида Россиянинг Украинага бостириб кириши 1 йиллиги арафасида нутқ сўзлади. У тинчлик тарафдори бўлган россияликларга мурожаат қилиб, уларни душман деб ҳисобламаслигини айди. Жонли эфир ABC News телеканали томонидан олиб борилди.
«АҚШ, Ғарб ёки Европа давлатлари Россияни назорат қилишни, уни йўқ қилишни хоҳламайди. Тинч яшашни истаган миллионлаб руслар бизнинг душманимиз эмас. Бу [уруш] Путиннинг танлови. Путин урушининг ҳар бир янги куни — сизники эмас, Путинники. У [урушни] битта сўз билан якунлаши мумкин», деди Байден.
АҚШ раҳбари тез орада янги санкциялар жорий этишга ва Украинадаги жиноятлар учун барча айбдорларни жавобгарликка тортишга ваъда берди.
«Россия аскарлари ва ёлланма жангчилари уруш жиноятларини содир этди, аёлларни зўрлади, уйларни бомбардимон қилди, украиналик болаларни ўғирлади. Ҳеч ким бу жиноятлардан кўзини олиб қочмаслиги керак», деди у.
Байден баёнотига кўра, Владимир Путиннинг Ғарб ва АҚШ томонидан бўлаётган таҳдидлар ҳақидаги сўзлари ёлғон.
![](/uploads/posts/2023-02/lelvkyymv21p2u6w62idoudtfcdxlagz.jpg)
Фото: Alastair Grant/AP
«Россия халқига мурожаат қилмоқчиман: АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни йўқ қилмоқчи эмас. Биз Путин айтганидек, Россияга ҳужум қилишни, уни эгаллаб олишни истамаймиз. Биз тинч яшашни хоҳлаймиз, сизларга душман эмасмиз», деди у.
Байденнинг айтишича, автократларга ён босмаслик керак, уларга фақат «йўқ» дейиш мумкин: «Йўқ, менинг эркинлигимни тортиб ололмайсан. Йўқ, менинг ватанимни ололмайсан. Қўпол куч ҳеч қачон эркинлик руҳини синдирмайди. Украина ҳеч қачон Россия учун ғалаба майдонига айланмайди».
Байден сўзларига кўра, АҚШ Украинани қўллаб-қувватлашдан тўхтамайди.
«Путин ҳали ҳам Украинани қўллаб-қувватлашимизга, бирдам бўлишимизга шубҳа қилмоқда. Ҳеч қандай шубҳа йўқ, биз чарчамаймиз, ортга чекинмаймиз. Украиналикларнинг ўз ватанига бўлган муҳаббати ғалаба қозонади», деди Байден.
У ўз нутқида Беларус ва Молдова халқларини ҳам эслади: «Беларуснинг жасур халқи ҳозир диктатурага қаршилик кўрсатмоқда, Молдова Европага қўшилишни хоҳлайди ва Россия таъсирига тушишни истамайди».
Байден ўз нутқини эркинликнинг аҳамияти ҳақидаги сўзлар билан якунлади: «Эркинликдан бошқа олий интилиш йўқ. Америка буни билади - сиз ҳам биласиз. Ҳозир нима қилсак, фарзандларимиз ва невараларимиз ҳам эркинлик олий неъмат эканини билиши учун қиляпмиз. Биз зулм эмас, эзгулик тарафидамиз. Зулм эмас, озодлик тарафда. Қуллик эмас, эркинлик томонда». “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар