12:45 / 04.04.2023
620

ISW «вагнерчилар» Бахмут марказини эгаллаб олганини тасдиқлади

Фото: IMAGO

Америка урушни ўрганиш институти таҳлилчилари Россия манбаларининг «Вагнер» ХҲК кучлари Бахмут шаҳар маъмурияти биносини эгаллаб олгани ҳақидаги маълумотларини тасдиқлади.

«Вагнер» ХҲК эҳтимол, Бахмутнинг марказий қисмини назорат қилишни давом эттиришга уриниб кўради ва шаҳарнинг зич жойлашган ҳудудлари бўйлаб Хромивий йўналиши бўйича ғарбга ҳаракат қилади», деб таъкидлади институт.

ISWънинг қўшимча қилишича, Украина Қуролли кучлари вакиллари Россиянинг мунтазам қўшинлари, хусусан, ҳаво-десант кучлари «вагнерчилар» билан бирга Бахмутда фаоллашиб бораётганини тасдиқлаган.

Аввалроқ Киев Россия Бахмутга ҳужум қилиш учун десантчиларни юборгани ҳақида хабар берганди.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг сўзларига кўра, Бахмут атрофидаги вазият жуда кескинлигича қолмоқда. «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарларидан ташқари, Россия шаҳарга кириш учун профессионал десантчилар бўлинмаларини юборган.

«Душман шахсий таркиби орасида номутаносиб равишда катта йўқотишлар юз бераётганига қарамай, шаҳарни эгаллашга қаратилган ҳаракатларни тўхтатмаяпти. Қарорлар ҳиссиёт билан қабул қилиняпти», деди у.

Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари қўшинларининг «Хортица» оператив-стратегик гуруҳи қўмондонлиги, Маляр сўзларига кўра, «жойнинг ўзида оператив вазиятни тўлиқ назорат қилмоқда».


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг