![](https://daryo.uz/static/2023/04/Fozilbek/photosgs_2023-05-03_sdfs12-27-28.jpg)
“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин снарядлар йўқлиги сабаб жангчиларининг Бахмутдаги позициясини 10 май куни Россия Мудофаа вазирлиги бўлинмаларига топширишини маълум қилди.
“Мен ‘Вагнер’ бўлинмаларини Бахмутдан олиб чиқиб кетаман, чунки ўқ-дорилар йўқлиги сабаб улар маънисиз ўлимга юз тутмоқда”, — деган Пригожин Россия президенти, ҳарбий қўмондонлиги ва халқига йўллаган мурожаатида.
5 майга ўтар кечаси Пригожин матбуот хизмати “Вагнер” раҳбари ёлланма жангчилар жасадлари олдида Россия ҳарбий раҳбариятини сўккани, ўқ-дорилар етказиб берилишини талаб қилгани тасвирланган видеони эълон қилганди.
Бахмут шаҳри — Краматорск, Славянск, Северск ва Торескга йўналишларида ҳужум йўлларини тўсиш вазифасини бажараётган Украинанинг мустаҳкам ҳудуди, Донбассдаги аҳамиятли транспорт тугунидир. 2022 йил майининг иккинчи ярмидан бери Россия қўшинлари Бахмутга кучли ракета ҳужумларини амалга ошириб келмоқда, августда эса улар шаҳар атрофидаги ҳудудга киришга муваффақ бўлганди. Ёз охиридан бери асосий қисмини “Вагнер” жангчилари ташкил этаётган Россия қўшинлари ушбу йўналишда қақшатқич жангларни олиб бормоқда. Ҳудуд фронт чизиғининг энг қайноқ нуқтаси ҳисобланади. 2023 йил апрелида Евгений Пригожин ёлланма жангчилар шаҳарнинг 90 фоизини назорат қилаётганини билдирган.
“Вагнер” қандай гуруҳ?
Кўплаб Ғарб ОАВлари “Вагнер” гуруҳи тўғридан тўғри Владимир Путинга бўйсунишини ёзади. Унинг ёлланма жангчилари болаларни ўлдириш, аёлларни зўрлаш ва қийноққа солиш, шунингдек, шафқатсиз қотилликларда айбланиб келади.
“Конкорд” компанияси эгаси бўлган Евгений Пригожин 2016 йилдан буён АҚШ, 2020 йилдан буён эса Евроиттифоқ санкциялари остидадир. Вашингтонда у Интернет тадқиқотлари агентлиги (троллар фабрикаси) ва “Вагнер”ни назорат қилишда айбланган.
У “Вагнер”га алоқадорлигини кўп марта рад этган ва бундай айбловлар сабабли судлашган, аммо 2022 йил сентябрида у “Вагнер” асосчиси эканини маълум қилди. Ташкилотни 2014 йилда, унинг сўзларига кўра, “Донбассда рус халқига нисбатан геноцид” бошланган вақтда тузган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)