14:53 / 04.07.2023
347

Саакашвили икки йил ичида таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди

Саакашвили икки йил ичида таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди

Михаил Саакашвили видеоалоқа орқали судда чиқиш қилмоқда

Гуржистоннинг собиқ президенти, ҳозирда маҳбусликда бўлган Михаил Саакашвили 3 июл куни Тбилисидаги суд мажлисига масофадан видеоалоқа орқали уланди, судда 2007 йил 7 ноябридаги норозилик акциясини бостириш иши кўрилмоқда.

Бу Саакашвили шу йил февралидан буён илк бор оммага кўриниш бериши бўлди.

Алоқа вақтида у парламент раиси Шалве Папуашвилига мурожаат қилди ва Гуржистонда Саакашвилига нисбатан қилинган ёмон муносабат бўйича дезинформация тарқатаётганлар узр сўрашини кутаётганини айтган.

«Мени бу ҳолатга туширганингиз учун сиз кечирим сўрашингиз керак», — деган жуда озиб кетган Саакашвили Папуашвилига юзланиб.

«Сиз мени шу аҳволга туширдингиз ва сиз европарламентарийлар қаршисида, оиламдан, мендан, Украина давлатидан […] ва Гуржистоннинг барча фуқароларидан гуржилар давлати асосчиси шу ҳолатга тушгани учун кечирим сўрашингиз керак. Папуашвили, менга яхшилаб қара», — деган Саакашвили ўзининг нақадар озиб кетганини кўрсатиш учун майкасини кўтариб.

Фото: Irakli Gedenidze / Reuters / Scanpix / LETA

Айни вақтда Гуржистоннинг эмас, Украина фуқароси саналадиган Саакашвили ўтган йил майидан буён Тбилисидаги «Вивамеди» клиникасида ётибди. У 2021 йил октябрида, ватанига қайтганидан кўп вақт ўтмасдан қўлга олинганди.

Гуржистонда Саакашвили бир неча жиноий иш бўйича айбланган. Уларнинг иккисига кўра, у ҳали Гуржистонга қайтмасидан сиртдан олти йил муддатга ҳукм қилинганди.

2007 йил 7 ноябридги митингни тарқатиш, «Имеди» телекомпаниясига бостириб кириш ва Бадри Патаркацишвилининг мулкини (телекомпания унга қарашли бўлган) ноқонуний ўтказиш бўйича прокуратура томонидан Саакашвилига айблов унинг иккинчи президентлик муддати якунланиши биланоқ қўйилган. Прокуратура собиқ президентни мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айблаган.

Саакашвили эса ўзини «Путиннинг маҳбуси» деб атайди ва ўзига қўйилган барча айбловларни сиёсий мотивга эга таъқиб деб ҳисоблайди.

«Россия Украина фуқаросини ўлдирмоқда»

Гуржистонда Саакашвили ҳақида бугунги кунда ҳам бир-биридан кескин фарқ қилувчи фикрлар билдирилади. Фото: AZIZ KARIMOV/GETTY

«Айни дамда Россия Украина фуқароси Михайло Саакашвилини Гуржистон ҳукумати қўли билан ўлдирмоқда», — дея Саакашвили судда яна бир бор кўриниш беришига муносабат билдирди Украина президенти Володимир Зеленский.

Украинлар президентининг сўзларига кўра, у ташқи ишлар вазирлигига Гуржистоннинг Украинадаги элчисини чақириб, Украинанинг қатъий норозилигини билдириш ва Тбилиси билан маслаҳатлашиш учун 48 соат ичида мамлакатни тарк этишни сўраш бўйича кўрсатма берган.

«Яна бир бор Гуржистон ҳукуматини Украина фуқароси Михайло Саакашвилини зарурий даволаниш ва парвариш учун Украинага беришга чақираман. Ва мен ҳамкорларимизни бу вазият билан шуғулланиш, унга эътиборсизлик қилмаслик ҳамда бу инсонни қутқаришга чақираман. Европадаги бирор мамлакат одамни қатл қилиш ҳуқуқига эга эмас, инсон ҳаёти — Европанинг асосий қадриятидир», — дея ёзган Зеленский.

Гуржистон ҳукумати Саакашвилининг ҳуқуқлари бузилаётганини қатъиян рад этган ва унга зарур тиббий хизматлар ва парвариш кўрсатилаётганини айтмоқда.

Аммо Саакашвилининг яқинлари ва адвокатлари аллақачон унинг соғлиги ҳолати бўйича бонг уриб, уни даволаниш учун хорижга юборишга чақирмоқда.

Унинг укаси Давид шундай дейди: «Катта эҳтимол билан Михаил заҳарланган, буни кейинроқ тарих кўрсатади. Вазият ҳақиқатан ҳам яхши эмас, даҳшатли даражада ориқлаб кетган, ҳозир Михаил неча килограмм чиқишини аниқ айта олмайман, аммо факт шуки, у вазн йўқотишда давом этмоқда ва ўлиб бормоқда». 2023 йил февралида Саакашвилининг вазни 67 килограммга тушиб кетгани хабар қилинганди. Ҳибсга олинишидан олдин у 195 сантиметр бўй ва 116 килограмм вазнга эга эди.

Саакашвилини ҳибсдан озод этиш ва даволаниш учун хорижга юбориш бўйича чақириқлар халқаро трибуналардан ҳам янграмоқда.

Шу йил февралида Тбилиси шаҳар суди ҳаками Георгий Аревадзе адвокатларнинг хорижлик ва гуржистонлик мутахассисларнинг хулосаларига асосланган жиддий ташхислар туфайли уни озод этиш ёки жиноий жазони кечиктириб туриш тўғрисидаги сўровини қаноатлантирмаганди.

Адвокатлар Саакашвилини Страсбург суди орқали ҳам Гуржистондан олиб чиқишга муваффақ бўла олмади.

Май ойида суд ҳимоячиларнинг вақтинча чора қўллаш ва Саакашвилини даволаниш учун Варшавага юбориш тўғрисидаги илтимосномасини ҳам рад этди.

Яна сиёсатга қайтадими?

DAVIT KACHKACHISHVILI/ANADOLU AGENCY

Саакашвилининг 2021 йил кузидаги маҳаллий сайловлар арафасида Гуржистонга қайтиши, кейин унинг Тбилисида қўлга олиниши мамлакат бўйлаб кўп сонли намойишларни келтириб чиқарганди. Аммо вақт ўтиб намойишчилар сафи ва норозилик акциялари тобора камайиб борди.

Ўтган йил ёзида Саакашвилининг адвокатлари уни сиёсат ортиқ қизиқтирмаслигини айтишди.

«У Гуржистон телеканалларини кузатмайди ва бутунлай украинларникига ўтган. У Гуржистондаги сиёсий вазият ўзини қизиқтирмаслиги ва бу масалада ҳеч ким билан алоқа ўрнатмаганини айтади», — деганди ўшанда Саакашвилининг адвокатларидан бири Валери Гелбахиани.

Аммо бир йил ўтгач, шу йил июнида, Саакашвили соғлиғи ёмонлашганига қарамай, Гуржистон сиёсатида фаоллашмоқчи экани ва суд жараёнларида иштирок этмоқчилигини айтганди.

«Биз қўлларимизни тушириб Украинанинг ғалабасини кутмаслигимиз, балки ўз новаторлик ва жасур ҳаракатларимиз билан унга яқинлашишимиз керак. Бугунги кундан жисмонан имконим бўлганича, барча „судлар“да қатнашмоқчиман», — дея ёзганди у фейсбукдаги саҳифасида.

Саакашвили душанба куни Тбилисидаги суд маҳкамасидаги чиқиши чоғида ҳам сиёсий жараёнларга фаол қўшилиш нияти борлигини айтиб, расмийларни очиқ дебатларга чақирди.

«Нима учун очиқ гаплашишдан қўрқасиз. Менга очиқ дебатларда иштирок этиш имкониятини беринг, ким ҳақлигини халқнинг ўзи ҳал қилсин. Агар хоҳласангиз, қочиб кетмаслигим учун қўлимга темир билагузук тақиб қўйинг, аммо суд шароитида эмас, очиқ гаплашайлик», — дея мурожаат қилди у расмийларга.

Саакашвили ўтган йил майидан буён Тбилисидаги «Вивамеди» клиникасида яшамоқда
DAVIT KACHKACHISHVILI/ANADOLU AGENCY

Ҳукмрон партиядагилар Саакашвилининг таклифини қабул қилмаслигини билдирди ва унинг маҳбус сифатидаги ҳуқуқлари ҳимояланганини яна бир бор такрорлади.

«Саакашвили ўз мамлакати ва ўзи билан дебатда, бизда у билан дебат қиладиган масала йўқ. У ҳибсда ва биз давлат сифатида унинг ҳуқуқларига риоя этилиши учун максимал даражада қайғурамиз», — деган журналистларга парламент вице-спикери Арчил Талаквадзе.

Саакашвили ҳақида бугунги кунда ҳам, унинг иккинчи президентлик муддати якунланганидан қарийб ўн йил ўтиб Гуржистонда тубдан фарқ қилувчи қарама-қарши фикрлар билдирилмоқда.

Март ойида Халқаро республика институти (IRI) ўтказган сўровларга кўра, у ҳақда 36 фоиз киши ижобий фикрда, сўралганларнинг 59 фоизи эса салбий.

Аммо, сўровлар шуни кўрсатадики, аҳолининг ярмидан кўпчилиги Саакашвилини даволаниш учун хорижга юборишни қатъий ёки маълум даражадаги хайрихоҳлик билан қўллаб-қувватлайди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саакашвили икки йил ичида таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди
ePN