date
views 200

Грузия парламенти: мамлакат президентига импичмент эълон қилиш жараёни бошланди

Грузия президенти Саломе Зурабишвили
Фото: AP

Парламентнинг процессуал масалалар ва регламент қўмитаси Грузия президенти Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёнини бошлаш учун зарур бўлган миқдордаги депутатлар имзоларининг ҳақиқийлигини тасдиқлади.

Ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси президент Зурабишвили ҳукумат рухсатисиз 31 август куни хорижий сафарини бошлаганидан кейин унга қарши импичмент жараёнига тайёргарлик бошланганини эълон қилганди.

“Грузия орзуси” партияси депутати, парламентнинг процессуал масалалар ва қоидалар қўмитаси раиси Ираклий Кадагишвили президент Зурабишвили “радикал мухолифат” билан ҳамкорликда ҳаракат қилаётганини, унинг бу иши фақат Грузиянинг Европага интеграциясига тўсқинлик қилишини маълум қилди. Президент маъмурияти эса бунинг аксини таъкидламоқда.

Президентга импичмент эълон қилиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қарор президент Конституцияни қўпол равишда бузаётгани, у ўз вакиллик функцияларини амалга оширишда Конституциянинг барча талабларига бўйсунмаётгани сабабли қабул қилинган”, — деди Ираклий Кадагишвили.

Унга кўра, президент ҳукумат билан биргаликда ҳаракат қилиши керак.

Агар Конституциявий суд президент Конституцияни бузганини тасдиқласа, 10 кун ичида парламент суд хулосасини кўриб чиқишга киришади. Кейин 30 кун ичида масалани овозга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилиниши керак. Агар кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланса, масала овозга қўйилади, дейилади “Импичмент тўғрисида”ги қонунда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Грузия парламенти: мамлакат президентига импичмент эълон қилиш жараёни бошланди