00:13 / 02.02.2024
410

Россия Купянск атрофидаги қишлоқларни эгалламоқда. Харкив хавф остида қоладими?

Россия Купянск атрофидаги қишлоқларни эгалламоқда. Харкив хавф остида қоладими?
Харкив мунтазам равишда ўққа тутилмоқда. Фото: EPA
Купянск — Оскил сув омбори бўйидаги муҳим аҳоли яшаш пункти, район маркази ва темирйўл станцияси ҳисобланади. Украина ҚК 2022 йил кузида Купянскка ҳужум қилганида Россия қўмондонлиги Изюм атрофида тўпланган ва Донецк областининг Киев назоратида қолган қисмига ҳам, Харкивга ҳам таҳдид солиб турган йирик гуруҳига зудлик билан чекинишни буюришга мажбур бўлганди.

Сўнгги вақтларда Z-пабликларда ва Украина ижтимоий тармоқларида Россия қўшини Украинанинг йириклиги ва муҳимлиги бўйича пойтахтдан кейинги иккинчи ўринда турувчи шаҳрига янги юриш бошлаши хавфи кўп муҳокама этилмоқда, ғарб нашрларидаги мақолалар ҳам хавотирларни оширмоқда — январ ойида Россия Харкивни оккупация қилишга яна бир бор уриниб кўриши ҳақида Британиянинг Telegraph ва Американинг Washington Post нашрлари ёзганди.

Бундай хавфлар қанчалик асосли? BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев шу масалани таҳлил қилди.

Россия қўшинининг Купянск атрофидаги илгарилаши

Россия 2022 йил кузида Харкив остонасида, кейинроқ Лиман атрофида учралган муваффақиятсизликларидан кейин Луҳанск области шимоли-ғарбида «Запад» қўшинлар гуруҳини кучайтиришга киришди.

Ҳарбий экспертлар Сватове-Купянск йўналишида ҳаракатланаётган гуруҳ Россия қўшинининг Украинадаги бошқа қисмларига қараганда яхшироқ қуролланганини қайд этишган. Кўп бўлинмаларнинг зирҳли техникалар, артиллерия ва бошқа воситалар билан жиҳозланиш даражаси стандартларга мос келади ёки максималга яқин даражада.

Бунинг икки сабаби келтирилади. Аввало, Украина қўмондонлигининг 2023 йил учун стратегик режаси ноаниқ эди. Ёзги кампанияда Украина қуролли кучлари шимолга ҳужум қилиши эҳтимоли ҳам бор эди — Старобелск ва Северодонецк йўналишида муваффақиятли юриш қилинса, Луҳанск таҳдид остида қолган бўларди. Россия бош штаби бундай таҳдидни ўрганиб чиққан ва биринчи навбатда «Запад» гуруҳига мудофаа вазифаларини топширганди.

Кейинроқ Украина қуролли кучларининг асосий эътибори жанубга қаратилгани маълум бўлганида Россиянинг Сватове-Купянск йўналишидаги қўшинларининг вазифалари ҳам ўзгарди. Уларга Запорижжя областидаги жанглар авжига чиққан маҳалда фаоллашиш ва бу орқали шимолдаги захиралар жанубга олиб ўтилишига йўл қўймаслик бўйича буйруқ берилди. Уларнинг кейинги ҳаракатлари Россия армиясининг умумий режасига мос келади — украинларнинг ҳужумларини қайтариш ва жанубда Вуҳледардан тортиб шимолда Купянсккача бўлган кенг фронтда ҳужумга ўтиш.

Амалда ҳам шундай қилинди. Гарчи, катта эҳтимол билан Москвадагилар Авдийивка ва Новомихайловка остонасида, Бахмут ва Лиман атрофида қонли жанглар бир неча ойдан ошиқ вақтга чўзилишидан кўра яхшироқ натижа кутишганди.

Бундай фонда Россия қўшинларининг Купянск йўналишида илгарилаши жиддийроқ ютуқ бўлиб кўринади. Улар нафақат Сватове эгалланиши ва Луҳанск областидаги мудофаа чизиғи бузиб ўтилиши хавфини бартараф этишди, балки фронт чизиғини ғарб томон сезиларли даражада суришга муваффақ бўлишди.

Ҳозирда бу чизиқ Оскил сув омборидан 15-20 км масофа наридан ўтмоқда, айрим нуқталарда — Синковка қишлоғи ҳудудида — россияликларнинг штурм гуруҳлари Купянскдан атиги 8 км берида турибди. Январ ойида Украина ҳукумати ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида қолиши мумкин бўлган бир неча ўн қишлоқ аҳолиси мажбуран эвакуация қилинишини эълон қилди.

«Вазият ўзгаришининг ўзига хосликлари нимада? Агар олдин Украина ҚК қуруқлик кучлари ҳамда „Хортица“ гуруҳи раҳбари Олександр Сирский бу ҳудудда штурм отрядлари асосан техникасиз олдинга юраётганини айтган бўлса, ҳозирга келиб об-ҳаво шароити россияликлар техникаларда ҳаракатланишига имкон бермоқда. Бундан ташқари, душман нафқат Синковкада, балки Крахмалне ва Табаевкада ҳам муваффақиятни ривожлантиришга ҳаракат қилаётгани аниқ», — деган «РБК-Украина» нашрига Украинадаги Ҳарбий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази раҳбари Олександр Мусиенко.

Украина армияси Купянск остонасида оғир мудофаа жанглари олиб бормоқда
Харкивга хавф борми?

Россия армиясининг Купянск йўналишида илгарилашининг ўзиёқ област марказига таҳдид сола олмайди. Россияликлар катта муваффақиятга эришиб, Оскил дарёси ва сув омбори бўйларига етиб кела олган тақдирда ҳам ўтиб бўлмас сув тўсиғига дуч келади. Қолаверса, Купянскдан Харкивга қадар 90 км масофада ўтиш қийин бўлган далалар ва яна бир жиддий сув тўсиғи — Шимолий Дон дарёси бор.

Назарий жиҳатдан Харкивга шимолдан, Россия ҳудудидан туриб юриш қилиниши хавф солиши мумкин. Аммо айни вақтда бу йўналишда бундай катта шаҳарни эгаллаш учун етарли бўлган миқдордаги қўшинлар мавжуд эмас. Украина томони Россиянинг «Белгород» гуруҳи сонини 12 минг кишига баҳолайди — бу эса 2022 йил февралида Харкив областига бостириб кирган қўшиндан анча кам.

Бундан ташқари, эндиликда қўққисдан ҳужум қилиш омили йўқ — Россиянинг шимолдан зарба бериш бўйича барча йўналишлари мустаҳкам ҳимояланган ва миналаштирилган. Қолаверса, Россия қўмондонлиги Белгород области мудофаасини ҳам ўйлашига тўғри келади.

Харкив учун энг катта хавфни Россия томонидан зарбалар берилиши туғдиради. Россия босқини аввалида шаҳар Москва томонидан «янги ҳудудлар» сифатида қаралган ва уни вайрон қилиш кўзда тутилмаган бўлса, урушнинг иккинчи йили охирига келиб бундай иллюзия барҳам топганга ўхшамоқда.

Харкив бўйлаб шафқатсизларча зарба йўлланмоқда. Унинг Россия чегарасига яқин жойлашгани эса ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари фаолиятини қийинлаштирмоқда — Россия ракеталари саноқли сониялар ичида нишонга етиб келиши мумкин.

Россия мудофаа вазирлиги Харкивда фақат ҳарбий объектлар, Украина қуролли кучларининг ва хорижлик ёлланма жангчиларнинг дислокация пунктлари бўйлаб зарба бераётганини иддао қилади
Купянск йўналиши нимаси билан муҳим?

Шунга қарамай, агар Украина ҚК Оскил дарёсидан шарқдаги ҳудудларни бой берса, бу улар учун оддий чекиниш бўлмайди. Россия армияси дарё ва сув омбори бўйига чиққан тақдирда муҳим вазифани ҳал қилган бўлади — доимий равишда йирик контингентни сақлаб туришни талаб қилмайдиган мустаҳкам мудофаа марраси ташкил қилиш вазифасини. Ва бўшаган кучларни бошқа муҳимроқ йўналишларга — биринчи навбатда Лиман йўналишига ўтказиш мумкин бўлади.

Бу ерда ҳам Днипронинг қуйи оқимидаги каби вазият юзага келиши мумкин, у ерда Россиянинг кўп минглик гуруҳи катта йўқотишлар эвазига бўлса ҳам украинларнинг кичик плацдарми кенгайишига тўсқинлик қилмоқда ва янги плацдармлар пайдо бўлишининг олдини олиш учун бор имкониятларини ишга солмоқда. Аммо Оскил бўйича бунинг тескариси бўлади. Бу ерда энди украин армияси дарё бўйида йирик кучларни ушлаб туришига тўғри келади ва яқин келажакда юриш қилиш истиқболларига эга бўлмайди.

Аммо бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар табиатидан келиб чиқилса, 8 километрга олдинга силжиш — айни вақтда Россиянинг олдиндаги бўлинмаларининг позицияларини Купянскдан айнан шунча масофа ажратиб турибди — бир кунда ва ҳатто бир ойда амалга ошиши бўлган иш эмас. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Купянск атрофидаги қишлоқларни эгалламоқда. Харкив хавф остида қоладими?