
Фото: akorda.kz
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев тошқиндан жабр кўрган ҳар бир вилоят, туман ва қишлоқларга маҳаллий миллиардерларни бириктирмоқчи. Бу ҳақда давлат раҳбари Тобол шаҳридаги тезкор штабда Қўстаной вилояти аҳолиси билан учрашувда маълум қилди.
«Бизда Forbes рўйхатига киритилган жуда бой тадбиркорлар бор. Биз улар билан гаплашиб, ҳар бир вилоят, туман, қишлоққа номма-ном бириктирамиз», деди Тўқаев.
Президент бу чора ишбилармонлар манфаатига мос эканини, улар ўз ёрдами самарасини кўришини, давлатнинг эътиборидан четда қолмаслигини таъкидлади.
Тўқаев қозоғистонлик олигархларга ёрдам сўраб биринчи марта мурожаат қилаётгани йўқ. 2022 йил январдаги тартибсизликлардан сўнг, президент топшириғига кўра «Қозоғистон халқига» жамғармаси тузилиб, унга йирик тадбиркорлар ва корхоналар ўз ҳиссаларини қўшган эди.
Қозоғистондаги ҳозирги сув тошқинлари сўнгги 80 йилдан ортиқ вақт ичида содир бўлган энг йирик табиий офатдир. Республиканинг бир қатор вилоятларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, март ойи бошидан буён хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинганлар сони 117 минг кишига етган.
Мисли кўрилмаган сув тошқинлари сабабли Қозоғистонда давлат даражасидаги йирик тадбирлар, халқаро конференция ва форумлар бекор қилинди. Бу бюджет маблағларини тежаш ва тошқиндан зарар кўрган ҳудудларга йўналтириш билан изоҳланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар