22:20 / 24.04.2024
146

Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов тергов изоляторига жўнатилди

Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов тергов изоляторига жўнатилди
Фото: Москва шаҳрининг умумий юрисдикция судлари
Москванинг Басманний туман суди 24 апрел, чоршанба куни Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановни икки ой муддатга, 23 июнга қадар тергов изоляторига жўнатди. Шу тариқа, суд тергов талабини қаноатлантирди. Ивановга нисбатан катта миқдорда пора олганлик айблови қўйилган (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 290-моддаси 6-қисми, 15 йилгача қамоқ жазоси).

«Терговнинг фикрича, Иванов учинчи шахслар билан жиноий тил бириктириб, уюшган гуруҳ томонидан шартномалар тузиш ва субпудрат жараёнида мулкий хусусиятга эга хизматлар кўрсатиш шаклида ўта йирик миқёсда жиноят содир этишни мақсад қилган», дейилади судларнинг қўшма матбуот хизмати хабарида.

Вазир ўринбосари билан бирга унинг шериги деб тахмин қилинган Сергей Бородин ҳам ҳибсга олинган. У ҳам икки ой муддатга тергов изоляторига жўнатилган.

Иванов ўз айбини тан олмади, деб ёзади ТАСС ахборот агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб.

Mash Telegram-канали хабарига кўра, суд зарар миқдорини айтмаган ва бу ҳали тергов томонидан аниқланаётганини таъкидлаган.

Иванов 23 апрел куни кечқурун қўлга олинди. ТАСС хабарига кўра, мудофаа вазири ўринбосари узоқ вақтдан бери оператив кузатувда бўлган. «Известия» газетасининг ёзишича, Иванов билан бирга яна бир неча киши ушланган.

Навалний жамоасининг Тимур Иванов ва унинг рафиқасига оид суриштируви

2022 йил декабр ойида Алексей Навалнийнинг тарафдорлари Тимур Иванов ва унинг рафиқаси Светлана Захарова ҳақида катта суриштирувни эълон қилди. Уларнинг маълумотларига кўра, 2010-2018 йилларда эр-хотин ҳар ёзда Ложувард соҳилида виллаларни ижарага олган ва Сен-Тропеда уй-жой ижараси учун камида 850 минг евро сарфлаган. Иванов Мудофаа вазирлигининг қурилиш компаниялари пудратчиларидан пул олган, 2022 йил июн ойида у Европа Иттифоқининг санкциялари остида қолмаслик учун хотини билан ажрашди, аёл Россия Федерациясининг Украинага қарши уруши тўлиқ миқёсда бошланганидан кейин ҳам саёҳатларини давом эттирган, дейилади суриштирувда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов тергов изоляторига жўнатилди