11:00 / 06.10.2024
37

Канадада ётоқхонасидан кўршапалак чиққан бола қутуришдан вафот этди

Канадада ётоқхонасидан кўршапалак чиққан бола қутуришдан вафот этди
Канаданинг Онтарио провинциясида ётоқхонасидан кўршапалак чиққан бола қутуриш оқибатида вафот этди, деб хабар беради BBC.

Халдиманд-Норфолк тиббиёт бўлинмаси шифокори Малколм Локнинг сўзларига кўра, бола Садбери шимолидаги ҳудудида вирусга чалинган.

"Улар уйғониб, ётоқхонада кўршапалакка дуч келган", — дейди Лок. Унинг қўшимча қилишича, ота-она фарзандида бирор жароҳат ёки тирналиш изларини кўрмаган ва шу сабабли болани қутуришга қарши эмлатгани олиб бормаган. Бу Онтариода 1967 йилдан бери қутуришдан инсоннинг вафот этиши билан боғлиқ биринчи ҳолат.

Расмийлар ёшини эълон қилмаётган бола сентябр бошида мазкур воқеа сабаб шифохонага олиб борилган. Қутуриш — бу ўлимга олиб келадиган вирусли касаллик бўлиб, у ҳайвонлардан, масалан, кўршапалаклар, тулки ёки енотлардан сўлак орқали инсонга юқиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, мазкур касаллик бош ва орқа мияга жиддий жароҳат етказади, қутуришнинг белгилари пайдо бўлгач, касалликка чалинган инсонлар аксарият ҳолларда вафот этади.

Локнинг маълум қилишича, Жанубий Онтариода қутуриш касаллигига чалинган кўршапалаклар сони охирги йилларда 10 фоиздан 16 фоизгача ошган. «Кўршапалакларга дуч келган ҳар қандай инсон тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишлари фавқулодда муҳим», — дейди у. Шифокорнинг айтишича, даволаш ва вакцинацияни имкон қадар тез бошлаш керак, чунки кўршапалак тишлашидан қолган излар дарҳол кўринмаслиги мумкин.

Канада Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда инсонлар ўртасида қутуриш ҳолатлари жуда кам учрайди. Ушбу касалликни рўйхатга олиш бошланган 1924 йилдан бери олтита провинцияда 28 та ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси ўлим билан якунланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Канадада ётоқхонасидан кўршапалак чиққан бола қутуришдан вафот этди