15:50 / 09.10.2024
63

Ботқоқликдан туристик масканга айлантирилган дарё...

Ботқоқликдан туристик масканга айлантирилган дарё...
Хитой пойтахти Пекинда узунлиги 10 километр ҳам чиқмайдиган мўъжаз дарё оқиб ўтган. Узоқ йиллар қаровсиз қолиб, суви қуришига бир бахя қолган дарё бугунги кунда нафақат шаҳар аҳолиси, балки хорижлик сайёҳлар учун севимли масканга айлантирилган.

Гап Баҳе дарёсининг ирмоғи Лянма ҳақида кетмоқда. Бундан ўн йил олдин ҳам дарё суви кирланиб ётган кичик анҳор эди. Дарёнинг бетон урилган қирғоқлари тик ва чуқур бўлиб, ёнида офис бинолари жойлашган. Аммо ўша пайтда бу биноларнинг эшиклари дарёдан тескари томонга қаратилганди. Атрофда сайр қилишга қизиқадиган одамлар кўп ҳам учрамасди.

Сўнгги йилларда Лянма дарёси одамларни бир қатор ўзгаришлар билан мунтазам ҳайратга солмоқда. Ижтимоий тармоқларда дарёнинг ўтган аср охиридаги хароба ҳолати ва бугунги хушманзара кўриниши солиштирилган суратни тез-тез учратиш мумкин.

Биринчи ўзгариш 2019 йилда юз берди. Дарё бўйида жойлашган 22 та субъект қайта қуриш ишларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида кучларини бирлаштирди.

Ифлос тўсиқлар ва ноқонуний автотураргоҳлар олиб ташланди. Кейинчалик, қирғоқ бўйлаб 800 000 квадрат метр майдонни қамраб олган Халқаро соҳил барпо этилди. Бу ўзгариш дарёни кенг боғга айлантирди.

Иккинчи ўзгариш 2021 йилда амалга оширилди. Ўша куз давомида одамлар дарёнинг икки километрлик қисмида қайиқларда сузишга муваффақ бўлди. Кейинчалик йўналиш оқим бўйлаб яна 4 километрга узайтирилди. Бу эса ҳудуднинг табиий гўзаллигини намоён этди, чунки ундаги қамишзорлар кичик оқ қарқара ва ёввойи ўрдаклар масканига айланганди.

Император отларига хизмат қилган дарё

Лянма дарёси узоқ тарихга эга. Император Ёнгле Зу Ди 1420 йилда Пекинни Мин сулоласининг пойтахтига айлантиргандан сўнг император отлари ҳам янги саройга кўчирилади. Отларни шаҳарга олиб боришдан аввал чўмилтириб, тозалаш учун Лянма каби кичикроқ ирмоқлар айни муаддао эди. Бу ердан нафақат император отлари учун, балки пойтахт бозорларига олиб борилаётган отларни ялтиратиш учун фойдаланилган. Чўмилтирилган отлар дарё бўйида бир муддат офтобда қуритилган. Шундан келиб чиқиб, ўтмишда дарё номи liàngmhe, “отлар қуёшда қуритиладиган дарё” деб аталган. Кейинчалик у “ёрқин” маъносини берувчи ҳозирги номни олди.

Империя даврида Лянма дарёси ўрнида асосан йўл ва ариқлар қолган, аммо XX асрда пойтахтнинг кенгайиши ва туманга айлантирилган бу ҳудуднинг ривожланиши эски шаҳардан шарққа сув йўлларини қуриш ва кенгайтиришни талаб қилди. Ҳудуддаги дренажни яхшилаш учун ишчилар 1980 йилларнинг бошларида дарёнинг қарийб 7 километрлик қисмини қазиди. Эрозиянинг олдини олиш учун қирғоқлар бетон ва тош билан мустаҳкамланди. Лянма дарёси замонавий шаклга келтирила бошлади.

Тез орада янги қазилган сув йўли атрофида элчихоналар ва бошқа кўчмас мулк объектлари қурилди. 1980 йилларнинг охирида шаҳарнинг энг қадимги “беш юлдузли” меҳмонхоналаридан иккитаси — Great Wall Hotel ва Kunlun Hotel, шунингдек, 31 қаватли Landmark Tower минораси Лянма дарёси қирғоқлари яқинида қад ростлади. 1992 йилда Lufthansa Friendship Mall дарё бўйидаги нуфузли лойиҳалар қаторига қўшилди.

Афсуски, дарё ҳаддан ташқари қурилишлар ва эътиборсизлик туфайли зарар кўрди. Такси ҳайдовчилари унинг сувидан автомобилларини ювишда фойдаланди. Туман кўчалари ва корхоналаридан оқиб келаётган чиқинди сувлар Лянмани ёз ойларида бадбўй ботқоқликка айлантирди. Дарё сувини тозалшга эътибор қаратилмади.

2019 йилга келибгина дарёнинг табиий кўринишини яхшилаш бошланди. Бунга таъсир қилган омиллардан бири COVID-19 пандемияси эди. Карантин пайтида клублар ва ёпиқ биноларда дам олиш имкониятидан маҳрум этилган аҳоли дарё бўйида сайр қилишни, турли тадбирлар ўтказишни бошлади.

24 та кўприкка эга Лянма дарёси бугун хорижлик сайёҳлар учун ҳам шаҳар ичидаги энг диққатга сазовор жойлардан бири ҳисобланади.

Лянма дарёси, Хорижлик сайёҳлар, Диққатга сазовор, Ботқоқлик, Туристик маскан

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ботқоқликдан туристик масканга айлантирилган дарё...