Қизидан айрилган аёл 800 нафар етим қизга она бўлди

Ҳиндистонлик доктор Сароджини Агарвал қарийб 40 йил аввал Лакхнау шаҳрида саккиз ёшли қизи Манишани йўл-транспорт ҳодисасида йўқотади. Фарзандининг ўлимидан қаттиқ қайғурган аёл вақт ўтиши билан она меҳрига муҳтож бўлган бошқа қизларга ёрдам беришга қарор қилади.
У ёзган ҳикоялар, шеърлар ва романларидан тушган барча маблағни етим қизлар учун бошпана ташкил этишга сарфлайди. 1985 йилда уч хонали уйида Manisha Mandir номли масканни очади. У ерга дастлаб онасидан айрилган, ногиронлиги бор ва оғир шароитда қолган қизлар қабул қилинади. Кейинчалик кўчада қолган, ташлаб кетилган ва фоҳишахоналардан қутқарилган қизлар ҳам бошпанадан жой олади.

Сароджини қизларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратади. Масканда кутубхона, компьютер хонаси, ҳунармандчилик машғулотлари ва спорт майдончалари ташкил этилган. Унинг тарбияланувчилари орасида банк ходимлари, ўқитувчилар ва мактаб директорлари бор.
1985 йилдан буён аёл қарийб 800 нафар етим қизга ғамхўрлик қилган. Уларнинг кўпчилиги вояга етгач, бошқа қизларга ёрдам бериш учун масканга қайтиб келади.
Ёши катталашганига қарамай, Сароджини ҳали ҳам ташлаб кетилган болаларга ёрдам беришда давом этмоқда. Унинг айтишича, ҳар бир етим қизда ўз фарзанди Манишани кўради ва шу орқали унинг хотирасини сақлаб қолишга ҳаракат қилади.






























Изоҳлар 0
…