19:30 / 18.10.2024
42

Россия армиясининг Купянскка юриши ҳақида нималар маълум?

Россия армиясининг Купянскка юриши ҳақида нималар маълум?
Фото: Getty Images
Россия қўшини Харкив области шарқида, Купянск шаҳридан жануби-шарқда илгариламоқда. Геолокация кадрлари улар Колесниково қишлоғининг бир қисмини эгаллаганини тасдиқлайди, Россиядаги ҳарбийлашган блогерлар эса россияликлар Кругляковка ҳудудида Купянск — Боровая шоссесини тўсиб қўйганини айтишмоқда.

Россия қисмлари Боровая трассасига чиққанининг расмий тасдиғи йўқ, аммо шуниси аёнки, у тўлиғича зарба бериш масофасида турибди ва Украина қуролли кучлари ундан тўлақонли фойдалана олмайди.

Бу шуни англатадики, Россия армияси амалда Оскол дарёси шарқий соҳилидаги украин плацдармини асосий кучлардан узиб қўйишга муваффақ бўлган. Энди Купянскнинг шарқий чеккаларини мудофаа қилаётган украин бўлинмалари таъминоти Чуҳийев — Сватове трассасидаги ярим вайрона ҳолатга келган кўприк орқалигина амалга оширилиши мумкин. Бундай логистика жуда ишончсиз ва илк авиабомба ёки ракета кўприк таянчига аниқ келиб тушиши билан у орқали ҳаракатланиш буткул имконсиз бўлиб қолади.


Шунингдек, Россия бошқа кўплаб йўналишларда — Купянскдан шарқда, жануби-шарқда ва шимоли-шарқда ҳам ҳужум қилаётгани хабар қилинган.

Харкив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов 15 октябр куни «ҳарбий вазият ёмонлашгани туфайли» Купянск шаҳрида, шунингдек Кондрашовка, Куриловка ва Боровая обшчиналарида яшовчи аҳоли мажбурий эвакуация қилинишини эълон қилди.

Купянск ҳудудидан оммавий эвакуация 2023 йил ёз-кузида, Россия армиясининг янги қарши ҳужумидан кейин бошланганди
Урушга қадар 55 мингдан ортиқ киши яшаган Купянск агломерацияси Харкив областининг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланган. Қолаверса, Купянск — йирик транспорт тугуни бўлиб, бир неча автотрасса ҳамда бешта темирйўл линияси у орқали ўтган.

Шаҳар 2022 йил февралида, босқиннинг илк кунларидаёқ Россия қўшини томонидан босиб олинганди. У ҳарбий таъминотда муҳим рол ўйнаган, хусусан, Россиянинг Изюм атрофида жанг қилган гуруҳи учун ҳарбий юк ва қўшимча кучлар Белгород областидан айнан Купянск орқали етказилган.

Аммо 2022 йил сентябрида Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга ўтиб, Купянскни озод қилади, натижада Изюм гуруҳи зудлик билан чекинишга мажбур бўлади, Купянскдаги Россия қисмлари эса Оскол дарёси ортидаги ҳудуд ичкарисига улоқтириб ташланади. 2023 йил ёзида Россия қўшини яна Купянск йўналишида ҳужумга ўтганди, аммо, сон жиҳатдан устунлиги ва яхши қуролланганига қарамай, «Запад» гуруҳи бўлинмаларининг илгарилаши жуда секин кечди.

Шунга қарамай, 2024 йил кузига келиб Россия армияси Купянск шаҳрига таҳдидли даражада яқинлашди. Шаҳар мунтазам равишда ўққа тутилмоқда ва вайрон қилинмоқда, аҳолининг аксари эвакуация тўғрисидаги буйруқдан анча олдинроқ кетишга улгурган.

Фото: Getty Images
Ҳозирги босқичда Россия қўмондонлиги Харкивга Купянск томондан ҳужум қилиш режасини кўриб чиқаётгани эҳтимоли жуда кам. Биринчидан, област марказига қадар масофа 90 километр чиқади ва бу масофа йўлсиз ва кўплаб табиий тўсиқлардан иборат. Иккинчидан, Купянскни тўлиқ эгаллашнинг ўзи ҳам муаммоли иш — шаҳарнинг катта қисми дарёнинг қарама-қарши соҳилида бўлиб, бу соҳил шарқий соҳилга қараганда баландроқда жойлашган, дарё устидан ўтган кўприклар эса Россия қўшини яқинлашиши билан портлатилиши аниқ.

Купянск-Узловой темирйўл станцияси эгалланиши ҳам Россия ҳарбий логистикасини осонлаштириши даргумон. У шаҳарнинг шарқий қисмида жойлашган бўлса-да, дарёга шунчалик яқин қурилганки, ғарбий соҳилдан туриб уни тўғридан тўғри ўққа тутиш мумкин.

Аммо Оскол дарёси шарқидаги украин плацдарми тугатилиши ҳамда Украина қуролли кучлари сувомбори ортига суриб ташланиши Россия армиясига барқарор мудофаа барпо этиш ва ўз гуруҳининг ўнг қаноти хавфсизлигини таъминлашга имкон беради. Бу эса, ўз навбатида, ҳужумлар йўналишини ўзгартиришга — дарё ва темирйўл ёқалаб жанубга, Словянск-Краматорск агломерацияси томонга юриш бошлаш учун шароит яратади.

Манба: Kun.uz

Россия армияси, Купянскка юриши, Украина плацдарми, Кесиб қўйилган

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия армиясининг Купянскка юриши ҳақида нималар маълум?