12:53 / 22.11.2024
29

Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”

Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Фото: AFP
Украина президенти Владимир Зеленский Россия раҳбари Владимир Путиннинг Днепрга янги баллистик ракеталар билан зарба берилгани ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Днепрга янги ракеталар билан зарба бериш орқали Россия можарони авж олдириш учун иккинчи жиддий қадам қўйди.

Бу уруш кўлами ҳамда шафқатсизлигининг яққол ва жиддий даражада ортиши, Россия томонидан БМТ Низомининг бузилиши. Шуни таъкидламоқчиманки, бу Россиянинг бир йил ичида вазиятни кескинлаштириш йўлидаги иккинчи қадамидир. Биринчи қадам эса Шимолий Кореяни Украинага қарши урушга жалб этиш бўлди — камида 11 минг аскардан иборат контингент”, деди Украина президенти.

У Россия президенти урушни кучайтирмасликка чақирганларнинг барчасига эътибор бермаслигини маълум қилди.

Хитой, Бразилия, Европа давлатлари, Америка ва дунёнинг қолган барча мамлакатлари чақириқларига тупурган. Путин ҳеч қандай сабабсиз бу урушни бошлаган ва уни минг кундан ортиқ давом этиши учун барча ҳаракатларни қилаётган ягона шахсдир”, деди Зеленский.

Днепрга зарба бериш орқали Россия тинчлик тарафдори эмаслигини тасдиқлади, деб ҳисоблайди Украина президенти. Сиёсатчи бундай ҳаракатлар Украинанинг узоққа учувчи ракеталардан фойдаланишига жавоб бўла олмаслиги, чунки Украина буни аввал ҳам қилганини айтди.

“Путин тинчликка эришишни хоҳламайди”

Биз бу қуролдан биринчи марта фойдаланаётганимиз йўқ. Халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бунга тўла ҳақлимиз; ўзимизни мудофаа қилиш ҳуқуқимиз бошқа ҳар қандай миллатники билан бир хил. Россия ракеталари шаҳарларимизга зарба берганда, ҳар куни кечаси Украинага Эрон “шаҳедлари” (дрон) ҳужум қилганда, чегарамизда Шимолий Кореядан контингент жойлашганда, Путин нафақат урушни мураккаблаштиради, балки ҳар сафар тинчликни тиклашни хоҳловчиларнинг юзига тупуради”, таъкидлади у.

Россия ҳаракатларига жавоб бериш керак

Дунё бунга муносабат билдириши лозим. Ҳозирча дунёдан сезиларли муносабат йўқ. Путин бундай ҳолатларга жуда таъсирчан. У сизни синаб кўряпти, ҳурматли ҳамкорлар. Бу урушнинг ягона айбдори ким экан, 24 февралда урушни ким бошлагани ва урушнинг давом этиши учун барча имкониятларини сарфлаётгани ҳаммага аён. Уни тўхтатиш зарур. Агар Россиянинг хатти-ҳаракатларига қатъий муносабат билдирилмаса, демак, улар бундай қилиш мумкинлигини тушунишади. Путин айнан шундай йўл тутяпти”, дея якун ясади Зеленский.

Сиёсатчи Украина ҳамкорларини Россияни тинчликка мажбур қилишга чақирди. Акс ҳолда Украинага нисбатан ҳужумлар давом этишини айтди.

Украинадаги сўнгги вазият

19 ноябрь куни Украина армияси Россия ҳудудига АҚШнинг узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталари билан зарба берди. Ҳужум Брянск вилояти Карачев шаҳридаги ҳарбий объектга қаратилган. ATACMS’нинг максимал учиш масофаси 300 километрни ташкил қилади.

АҚШ президенти Жо Байден 17 ноябрь куни мазкур ракетани Россия ичкарисига қўллашга рухсат берди. Украина узоқ вақтдан бери Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга рухсат этилишини кутаётганди. Кремль раҳбари Владимир Путин эса бундай қуролларни Россияга қарши қўллаш урушга киришишни англатишидан огоҳлантирган.

21 ноябрь куни Россия илк бор Украинанинг Днепр шаҳри бўйлаб қитъалараро баллистик ракета учирди. Ҳужум Астрахан вилоятидаги полигондан амалга оширилган. Қитъалараро баллистик ракета беш минг километр масофани босиб ўтиши мумкин, аммо уларнинг баъзилари тўққиз минг километрдан ортиқ масофага мўлжалланган.

Дастлаб ракета ҳужуми ҳақида Украина Қуролли кучлари хабар берган. Кейинчалик маълумотни Россия президенти тасдиқлаган. Путинга кўра, Россия Америка ва Британияда ишлаб чиқарилган қуролларнинг мамлакат ҳудудига ҳужумларига жавобан “Орешник” ракетасидан фойдаланган.

Путин Россия ўзини мамлакат ҳудудига қарата қурол ишлатаётган давлатларнинг ҳарбий объектларига қарши қурол ишлатишга ҳақли деб ҳисоблашини айтган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”