08:00 / 14.12.2024
24

Америка суди суриялик “жаллод”га айблов қўйди

Америка суди суриялик “жаллод”га айблов қўйди
Башар Асад ва Самир Усмон Ал-шайх
Фото: Bild

Америка суди суриялик жаллодга айблов қўйди, деб хабар бермоқда Bild нашри. Суриядаги собиқ қамоқхона бошлиғи ва губернатор Самир Усмон Ал-Шайх кўп йиллар давомида Башар Асад учун хизмат қилган. Лос-Анжелес федерал суди уни қийноқларда айбдор деб топди.

АҚШ Адлия вазирлиги хабарига кўра, Ал-Шайх 2005 йилдан 2008 йилгача Дамашқдаги Адра қамоқхонасини бошқарган. У маҳбусларга азоб беришни буюрган ва шахсан ўзи уларга кучли жисмоний ва руҳий азоб етказишда иштирок этган.

Таъкидланишича, Ал-Шайх маҳбусларни “жазо ҳудудига” йўналтирган, у ерда уларни калтаклашган, қўлларини шифтга осиб, махсус қурилма ёрдамида таналарини букиб, баъзи ҳолларда умуртқа поғонасини синдиришган. Бу қийноқлардан мақсад Асад режимига қарши мухолифатни бостириш бўлган.

Ал-Шайх жорий йилнинг июль ойида фирибгарликда гумонланиб, Лос-Анжелес аэропортида ҳибсга олинган эди. Жиноят ишига кўра, у Америка визаси (2020 йил) ва фуқаролиги (2023 йил) олиш учун ҳужжатлар топширганда, Суриядаги мухолифатчиларни ҳеч қачон таъқиб қилмаганини айтиб ёлғон маълумот берган. Шундан сўнг Ал-Шайх Ливанга учиб кетмоқчи бўлган.

Американинг CBS телеканали маълумотларига кўра, Ал-Шайх фаолиятини полицияда бошлаган, кейин эса сиёсий мухолифларга қарши курашиш билан шуғулланган Сурия давлат хавфсизлик хизматига ўтган. 2005 йилда у бригада генерали ва қамоқхона бошлиғи бўлган, 2011 йилда эса Асад уни Дайр аз-Зор губернатори этиб тайинлаган.

Агар Ал-Шайх айбдор деб топилса, унга қийноқлар учун 20 йилгача ва иммиграция ҳужжатлари билан боғлиқ фирибгарлиги учун 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Америка суди суриялик “жаллод”га айблов қўйди