17:51 / 14.12.2024
10

Европа Иттифоқи Сурияга инсонпарварлик ёрдами учун ҳаво кўприги ташкил қилади

Европа Иттифоқи Сурияга инсонпарварлик ёрдами учун ҳаво кўприги ташкил қилади
Фото: AP
Европа Иттифоқи Туркия орқали Сурия аҳолисига гуманитар ёрдам етказилишига ёрдам берадиган ҳаво кўпригини ишга туширмоқда. Европа Иттифоқининг Дубайдаги омборларидан 50 тонналик тиббий буюмларнинг биринчи партияси Туркиянинг Адана шаҳрига етказилади, улар яқин кунларда Сурияга тарқатилади, деб хабар қилди Европа комиссияси 13 декабр, жума куни.

Яна 46 тонна гуманитар ёрдам юк машинасида Даниядан Аданага олиб кетилади ва Сурияда тарқатиш учун ЮНИСЕФ ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ходимларига топширилади. Етказиб беришлар озиқ-овқат, дори-дармон ва вақтинчалик уй-жой учун материалларни ўз ичига олади, деди Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен. Унинг сўзларига кўра, 17 декабр куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашувда гуманитар ёрдам масалаларини муҳокама қилади.

Бу Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияга ЕИ томонидан кўрсатилаётган илк инсонпарварлик ёрдамидир. 2024 йил охиригача Европанинг Сурияга инсонпарварлик ёрдами ҳажми 163 миллион еврони ташкил қилади.

Германия Сурияни қўллаб-қувватлаш шартларини эълон қилди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 11 декабр куни Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияни қўллаб-қувватлаш режасини тақдим этди. У Берлин Дамашққа ёрдам бериш учун илгари сурадиган саккиз банд ва шартдан иборат.

Бербок ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилишини биринчи ва энг муҳим нуқта деб атади. «Барча партиялар томонидан қабул қилинган фуқаролик ҳукумати фақат барча озчиликлар ва сиёсий гуруҳлар стол атрофида жам бўлса, муваффақиятли бўлади», деди у.

Иккинчи ўринда - Сурия ичидаги мулоқот. Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, у БМТ резолюциялари ва «жойлардаги воқеликлар»га мувофиқ чет эл аралашувисиз, масалан, Туркия ёки Исроил аралашувисиз ўтиши керак. «Сурия яна хорижий давлатлар ўйинида пиёдага айланмаслиги керак», деди Бербок.

Учинчиси, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» (ҲТШ) аъзолари томонидан аёллар, этник ва диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш. Бербокнинг айтишича, Германия гуруҳ билан «ҳали тўғридан тўғри алоқага эга эмас», аммо Берлин унинг «Ал-Қоида» билан алоқаси борлигини билади. «Биз ҲТШни унинг ҳаракатларига қараб баҳолаймиз», деди вазир.

У, шунингдек, инсонпарварлик инқирозини имкон қадар тезроқ ортда қолдириб, Сурияни қайта тиклашни бошлашга чақирди. Бербок сиёсий инқироз фонида мамлакатда юқори инфляция ҳақида маълум қилди, шунинг учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашмоқда. Мисол учун, нон нархи бир неча кун ичида 900 фоизга ошди. Вазир Германиядан 8 миллион евролик шошилинч ёрдам ваъда қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа Иттифоқи Сурияга инсонпарварлик ёрдами учун ҳаво кўприги ташкил қилади