00:50 / 24.01.2025
0

Америкалик журналист Макроннинг рафиқаси эркак бўлиб туғилганини исботлашга ваъда берди

Америкалик журналист Макроннинг рафиқаси эркак бўлиб туғилганини исботлашга ваъда берди
Америкалик журналист Кендис Оуэнс Франция президенти Эммануэл Макроннинг рафиқаси Брижит Макроннинг эркак жинсида туғилганига оид далилларни эълон қилишга ваъда берди.

У ўзининг ижтимоий тармоқларида Брижит Макрон аслида ҳеч қачон мавжуд бўлмаганини исботловчи далилларни тўплаганини маълум қилди. Оуэнс ушбу материалларни 30 январь куни эълон қилишини айтди.

Аввалроқ Оуэнс Макронлар оиласининг адвокатлари унга босим ўтказишга ҳаракат қилаётганини маълум қилганди. Аммо у “АҚШда сўз эркинлиги борлигини ва француз адвокатлари унинг оғзини ёпа олмаслигини” таъкидлади. Шунингдек, унинг фикрича, “президентлар фақат уларни қўрқитиш мумкин бўлган маълумотлар ошкор этилишига хавотирда бўлганидагина журналистларга таҳдид қилади”.

Оуэнс Х платформасида Макронга мурожаат қилиб, Брижит Макроннинг ўтмишига оид 21 та саволдан иборат рўйхат йўллади. Унда у Брижитнинг ёшлик даврига оид фотосуратлар ва маълумотларни тақдим этишни сўради.

Журналистнинг таъкидлашича, Эммануэл Макрон 15 ёшлигида 39 ёшли ўқитувчиси Брижит билан муносабат ўрнатган, бироқ ўқитувчининг мактаб ёки талабалик даври ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас.

Оуэнс шунингдек, 2024 йил ноябрь ойида француз журналисти Наташа Рей билан суҳбатлашганини маълум қилди. Рей Брижит Макроннинг эркак жинсида туғилгани ва бунинг учун судланганини иддао қилган.

2024 йил сентябрда Париж суди Брижит Макроннинг жинсига доир даъволарни туҳмат деб топиб, икки аёлни, жумладан Рейни, 13,5 минг евро жарима тўлашга ҳукм қилди. Кейинчалик кассация суди бу қарорни тасдиқлади.

2021 йил декабрь ойида, Францияда президентлик сайловлари олдидан, Рей YouTube орқали Брижит Макроннинг аслида Жан-Мишел исмли эркак сифатида туғилганини иддао қилди. Бу видео кенг тарқалган ва ОАВда муҳокамаларга сабаб бўлган.

2024 йил март ойида Эммануэл Макрон биринчи марта омма олдида рафиқаси ҳақидаги асоссиз иддаоларни кескин танқид қилди. Унинг фикрича, президентлик даврида энг оғир нарса “ёлғон маълумотлар ва сохта сюжетлар” билан курашишдир.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг