Фото: AP
Меtа корпорацияси АҚШ президенти Дональд Трамп билан суд низосини ҳал қилиш учун 25 миллион доллар тўлашга рози бўлди.
Низо 2021 йил 6 январдаги Капитолийга ҳужумдан сўнг Трампнинг Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларидаги аккаунтлари блоклангани сабабли юзага келган.
The Wall Street Journal'нинг хабар қилишича, келишув шартларига биноан 22 миллион доллар президент кутубхонаси жамғармасига йўналтирилади, қолган маблағ эса суд харажатларини қоплашга сарфланади. Нашрнинг таъкидлашича, корпорация ўз айбини ошкора тан олмаяпти.
Америка ОАВларига кўра, компания раҳбари Марк Цукерберг сўнгги пайтларда ўз корпорациясини янги маъмурият томонидан бўлиши мумкин бўлган тазйиқдан ҳимоя қилиш мақсадида Трамп билан муносабатларни яхшилашга уринмоқда. Меta аввалроқ Вашингтон консерваторлари томонидан демократлар фойдасига нохолисликда айбланган ва уларнинг танқидига дучор бўлган.
Жорий йилнинг 29 январь куни инвесторлар билан суҳбат пайтида Меtа асосчиси Трамп маъмуриятига Америка технология компанияларини қўллаб-қувватлагани ва “қадриятларни ҳимоя қилгани” учун миннатдорчилик билдирган. Миллиардер сўзларига қўшимча қилиб “бу йил ҳукуматлар билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш учун муҳим йил бўлиши”ни таъкидлаган.
2024 йил декабрь ойида Меtа, шунингдек, Трампнинг инаугурация фондига 1 миллион доллар йўналтирган. WSJ ушбу хайр-эҳсонни “Цукерберг ва унинг компаниясининг ўтмишдаги амалиётидан чекиниш” деб атаган.
2024 йилнинг ноябрь ойида ҳам Цукерберг Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лагодаги уйига ташриф буюриб, бўлажак президент билан муносабатларни йўлга қўйишга ҳаракат қилган. Айрим маълумотларга кўра, кечки овқат пайтида Трамп суд жараёни мавзусига тўхталиб, уни ҳал қилишга уриниб кўришни таклиф қилган. Бу таклиф томонлар ўртасида икки ойлик музокараларнинг бошланишига туртки бўлган.
Трампнинг Facebook, Instagram, Twitter (Х) ва YouTube'даги аккаунтлари 2021 йил бошида блокланган, ўша йилнинг июль ойида у ижтимоий тармоқлар раҳбариятини судга берган. Twitter'га қарши айбловлар рад этилган, YouTube'га эгалик қилувчи Google корпорациясига қарши даъво иши эса 2023 йилда ёпилган.
Сиёсатчининг Twitter аккаунти 2022 йилда, бошқа ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари эса 2023 йилда тикланган. 2022 йил февраль ойида блоклаш туфайли Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғини ишга туширган.
2021 йил январь ойида Капитолийга ҳужум
Президентлик сайловларида мағлуб бўлган Дональд Трамп тарафдорлари 2021 йил 6 январь куни овоз бериш натижаларини тасдиқлаш вақтида Конгресс биноси олдида ғалаён кўтарди. Намойишчилар бинога бостириб кирди, Конгрессдаги муҳокамалар бир неча соатга тўхтатилди ва қонун чиқарувчилар эвакуация қилинди. Полиция ҳужум иштирокчиларига қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, АҚШ Миллий гвардияси Вашингтонга етиб келган.
Норозилик пайтида беш киши ҳалок бўлган, 50 га яқин киши қўлга олинган, уларнинг баъзиларига айблов эълон қилинди. Ҳужумнинг юзлаб иштирокчилари турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Терговчилар фикрича, намойишнинг асосий иштирокчилари Proud Boys ва Оаth Keepers ташкилотлари бўлган.
Капитолийга бостириб кириш ишида жами 1 230 дан ортиқ киши иштирок этмоқда, улар орасида Дональд Трамп ҳам бўлган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар