
Ўзбекистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Женевада бўлиб ўтган 58-сессиясида қўшма баёнот билан чиқиб, нацистларни улуғлашга бўлган уринишларни кескин қоралади. Бу баёнот Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги арафасида қабул қилинди.
Фашизмни оқлашга қарши қатъий позиция
Россия делегацияси вакили Евгений Устинов томонидан ўқиб эшиттирилган баёнотда, фашистлар ва уларнинг шерикларини улуғлаш истаги мутлақо қабул қилиб бўлмаслиги таъкидланди.
«Иккинчи жаҳон уруши давомида асосий нацист жиноятчиларнинг ҳаракатлари Нюрнберг трибунали томонидан жиноят деб топилган. Бу фашистлар томонидан тинч аҳолини оммавий қирғин қилиш, халқларни қул қилиб ишлатиш ва шовинистик мафкурани ёйиш ҳаракатлари расмий равишда айбланганидан далолат беради. Биз бу даҳшатли жиноятларнинг Совет Иттифоқи халқларига қарши геноцид сифатида баҳоланиши керак деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.
Тарихни бузиб кўрсатишга қарши мурожаат
Қораловчи баёнотда, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши учун жавобгарликни Совет Иттифоқи ва фашистлар Германияси ўртасида тенг тақсимлашга бўлган уринишлар қаттиқ танқид қилинди. Бу позиция урушда ҳалок бўлган миллионлаб одамларнинг хотирасига нисбатан беҳурматлик сифатида баҳоланди.
«Бизнинг муқаддас бурчимиз — нацизм устидан қозонилган умумий Ғалаба ҳақидаги ҳақиқатни ҳимоя қилиш, фашизм ва миллатчилик асосида қурилган мафкуранинг қайта тикланишининг олдини олишдир», — дейилади қўшма баёнотда.
Миллатчилик ва камситишга қарши биргаликдаги кураш
Делегациялар, шунингдек, БМТ доирасида миллатчилик, ирқий ва диний камситишларнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишни давом эттириш зарурлигини таъкидлашди. Баёнотда айтилишича, инсоният тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун бу каби хавфларга қарши биргаликда ҳаракат қилиши лозим.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг мазкур сессияси тарихий хотирани сақлаш ва фашизмни оқлашга йўл қўймаслик борасида муҳим қадамлардан бири бўлди. Ўзбекистон ва ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган бешта давлат келгусида ҳам ушбу йўналишда фаол ишлашини маълум қилди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар