
Дональд Трампнинг гаровга олинганлар бўйича вакили Адам Бойлер ҲАМАС билан бевосита музокара олиб боргани учун уни танқид қилган исроиллик амалдорларга жавоб қайтарди. У Қўшма Штатлар ўз манфаатларига эга эканини айтиб, АҚШ Исроилнинг “агенти эмас”лигини таъкидлади.
Бойлернинг сўзларига кўра, музокаралар асосан Ғазо секторида ушлаб турилган америкаликларни озод қилишга қаратилган. У ҲАМАС томонидан беш йилдан ўн йилгача муддатга сулҳ таклиф қилингани ва гуруҳ барча маҳбусларни алмашиш эвазига қуролсизланишга тайёрлигини маълум қилди.
Бироқ бу Вашингтон ва Тель-Авив расмийлари ўртасида келишмовчиликка сабаб бўлди. Жумладан, Нетаньяху идораси қисқа баёнот чиқариб, бўлиб ўтган музокаралардан норозилигини очиқ, бироқ юмшоқ оҳангда билдирди.
“Исроил АҚШга ҲАМАС билан тўғридан-тўғри музокаралар борасидаги ўз позициясини етказди”, дейилади баёнотда.
Масалага Исроил молия вазири ҳам аралашди. КАН радиога берган интервьюсида у Адам Бойлернинг ҲАМАС етакчилари билан олиб борган бевосита музокараларини “мутлақ хато” деб атади.
Бэтсалел Смотричнинг сўзларига кўра, Бойлер АҚШ паспортига эга Исроил аскари Эдан Александрни Ғазодан озод қилиш учун “ўз ташаббуси билан” ҳаракат қилган. У шунингдек, Трамп вакилини “соддаликка берилган” деб танқид қилди ва ҲАМАСнинг 5-10 йиллик сулҳ таклифини “мутлақо бемаъни режа” деб атади.
Бироқ Исроил молия вазири Ғазода жанговар ҳаракатларни қайта бошлаш гаровдаги исроилликларнинг ҳаётига таҳдид солиши мумкинлигини тан олди. Душанба куни Кнессетдаги матбуот анжуманида у ҳукумат ҳозирча музокаралар орқали иложи борича кўпроқ гаровдагиларни озод қилишга ҳаракат қилаётганини айтди.
Смотрич аввалроқ ҲАМАСни ҳарбий йўл билан мағлуб этиш ва гаровдагиларни озод қилиш бир-бирига зид эмаслигини таъкидлаганди.
Исроил стратегик масалалар вазири Рон Дермер ҳам бир четда қолмади. У музокаралардан хабардор қилинмагани учун Бойлерга норозилик билдирган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар