
Сўнгги ойларда Рамзан Қодиров ва Владимир Путин ўртасидаги муносабатлар бузилган. Бу ҳақда «Важние истории» нашрига ФХХнинг (ФСБ) Шимолий Кавказ бўйича ихтисослашган собиқ ходими маълум қилган ва унинг сўзларини ҳозирда ишлаб турган ҳамкасби ҳам тасдиқлаган. Шунингдек, маълумотлар қисман Шимолий Кавказда фаолият юритувчи журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан тасдиқланган.
Манбаларга кўра, Қодиров билан Путин ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий сабаби — ФХХ Қодиров Кремл билан келишилмаган ҳолда ўз активлари ва оила аъзоларининг келажакдаги хавфсизлиги борасида Яқин Шарқдаги мусулмон монархиялар вакиллари билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълумот берган.
Қодиров анчадан бери оғир хасталикка чалинган. «Новая газета Европа» нашри журналистлари суриштирувига кўра, у буйрак ва ошқозон ости бези билан боғлиқ жиддий муаммоларга дучор бўлган.
Унинг нутқидаги қийинчиликлар хасталик кучайиб бораётганидан далолат беради. Қодиров ўз саломатлигидаги ёмонлашувни медиа фаоллиги билан ниқоблашга уринаётган бўлса-да, охирги ойларда у кўпинча узоқ вақт давомида жамоатчилик кўзидан йўқолиб қолмоқда. Январ ва феврал ойларида Чеченистон раҳбари камералар қаршисида кўриниш бермаган, кейинроқ буни таътил билан изоҳлаганди. «Менга турли хасталикларни ёпиштиришди», — деган у бу ҳақида. Шундан кейин Қодиров ҳеч қандай катта баёнотлар бермаган ва фақат олдиндан тайёрланган «консерва» видеолари тарқалган.
Чеченистон раҳбари ўз ҳудудидаги ҳокимият таркибини жуда яхши тушунади ва агар у мабодо саҳнадан тушса, оила аъзоларини нима кутаётганини ҳам билади. Федерал марказнинг ваъдалари ва хавфсизлик кафолатлари қанча туришидан ҳам яхши хабардор.
Қодировнинг кўп сонли қариндошлари тақдири борасидаги ишончсизлик уни Яқин Шарқдаги мусулмон мамлакатлардан улар учун кафолат излашга мажбур қилган. Ушбу мамлакатлар раҳбарлари билан Қодировда азалдан шахсий муносабатлар мавжуд. «Важние истории» манбаларига кўра, Қодиров бундай музокараларни Кремлдан яширишга уринган, аммо бу ҳақда ФХХ дарҳол хабар топиб, Путинга етказган.
Яқинда, масалан, Қодиров ўзининг тўнғич фарзанди — 26 ёшли қизи Айшатни давлат лавозимларидан олиб ташлади. 2020 йилдан бошлаб Айшат (у Қодировнинг барча фарзандлари орасида унга энг яқини) — Чеченистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари, кейинчалик вазир, 2023 йилда эса бош вазир ўринбосари бўлган. Қодировнинг Кремл билан муносабатлари ёмонлашиши билан бир вақтда Айшат лавозимдан кетган ва «Вёрстка» нашри ёзишича, Чеченистондаги энг йирик экспортёр — «Чечен минерал сувлари» компанияси эгасига айланган. Илгари бу компания Қодировлар оиласига тегишли бўлган — аввал Ахмат Қодиров фонди орқали, кейинчалик эса икки номинал мулкдор орқали.
Март ойи охирида Айшат Қодирова ва Чеченистон раҳбарининг кичик қизи Таборакнинг исмлари юридик шахслар реестрида яшириб қўйилган.
Кремл билан келишмовчилик Қодировнинг яқин сафдоши — Давлат думаси депутати Адам Делимхановга ҳам таъсир қилган. «2025 йил бошидан бошлаб Адам Делимханов қандай сумма бўлмасин, ҳар қандай куч ишлатиш билан боғлиқ низоларда иштирок этишдан қатъиян бош тортмоқда. Унга тўғридан тўғри мурожаат қилувчиларга у „энг юқорида“ Чеченистон етакчилари ва куч тузилмалари бунга ўхшаш ишларга аралашмаслиги ва умуман „кўзга кўринмаслиги“ тўғрисида қаттиқ кўрсатма берилганини айтади», — деб ёзган «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали. «Важние истории» манбалари ҳам бу маълумотни тасдиқлаган.
Шимолий Кавказда фаолият олиб бораётган мустақил журналистнинг (анонимлик шарти билан) айтишича, Қодиров ва Делимхановнинг Кремл билан зиддияти ҳақида Кавказдаги инсон ҳуқуқлари жамоатчилиги ҳам хабар топган.
Чеченистоннинг «Нийсо» ҳаракати вакили Ансар Дишни «Важние истории»га берган интервюсида шундай дейди: «Адам Делимхановга ҳақиқатан ҳам унинг имкониятлари чегараси кўрсатилди».
Унинг сўзларига кўра, Делимханов ҳозирча Москвадаги Катта Якиманкада жойлашган «Президент-Отел»да қолмоқда — бу жой Қодировнинг пойтахтдаги вакиллари учун штаб сифатида хизмат қилади. Кремл ва ФХХ Делимхановнинг сўнгги пайтларда давлат раҳбарияти билан келишилмаган ҳолда рейдерлик ва товламачиликни ўз ичига олган жиноий схемалар ташкил қилганидан норози. Делимханов жамоаси қандай ҳаракатларда айбланаётгани бўйича батафсил маълумот берилмаган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар