
28 март куни Мянма ҳудудида 7,7 ва 6,4 магнитудали зилзилалар содир бўлди. Силкинишлар Хитой ва Таиландда ҳам сезилган.
АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотига кўра, биринчи, кучлироқ зилзила жума куни тушдан кейин Мянманинг марказий қисмида, маҳаллий вақт билан соат 12:50 атрофида содир бўлган. Зилзила ўчоғи 10 километр чуқурликда жойлашган.
Тахминан 12 дақиқадан сўнг иккинчи зилзила содир бўлган.
Зилзила эпимаркази Сагайн шаҳридан 16 км шимоли-ғарбда, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Мандалай шаҳри яқинида жойлашган. Унинг аҳолиси 1,2 млн киши чиқади.

Бу ҳудуд Мянма пойтахти Нейпидодан тахминан 100 км шимолда жойлашган. AFP агентлигининг Нейпидодаги журналистлари маълум қилишича, кучли ерости силкинишлари оқибатида йўллар ёрилиб кетган, бинолар шифтидан сувоқлар тўкилиб тушган.
Мянма ўт ўчириш хизмати ходими Reuters агентлигига шундай деган: «Биз қидирув ишларини бошладик ва [мамлакатнинг энг йирик шаҳри] Янгонни кўздан кечирмоқдамиз, жабрланганлар ва вайронагарчиликлар бор-йўқлигини текширмоқдамиз. Ҳозирча бизда бу борада маълумот йўқ».
Янгон шаҳрида яшовчилардан бири CNN телеканалига айтишича, 7,7 магнитудали кучли зилзиладан кейин ерости силкинишлари бир неча дақиқа давомида сезилиб турган.
«Силкиниш жуда кучли бўлди ва уч-тўрт дақиқа давом этди. Менинг уйим жойлашган бино қимирлаб турарди», – дейди у.
Унинг сўзларига кўра, интернет узилишларсиз ишлаган, аммо зилзиладан кейин яна 30 дақиқа давомида телефон орқали қўнғироқлар амалга оширишнинг имкони бўлмаган.
Мандалайда яшовчилардан бири Reuters агентлигига вайронагарчиликлар ҳақида гапириб берди:
«Атрофдаги ҳамма нарса силкина бошлаганида уйдан югуриб чиқдик. Кўз олдимда беш қаватли уй қулаб тушди. Шаҳримда яшовчиларнинг барчаси кўчада, ҳеч ким биноларга қайтишга журъат эта олмаяпти».
Гувоҳлардан бири Ҳтет Наинг У журналистларга Мандалайда чой дўкони қулаб тушгани, унинг ичида бир неча киши қамалиб қолганини айтди.
«Биз кира олмадик, – деди у. – Вазият жуда ёмон».
Мянма ҳукумати етказилган зарар ҳақида ҳозирча хабар бермаган. Маълум бўлишича, Мандалай қироллик саройига зарар етган ва Иравади дарёси устидаги кўприк қулаб тушган.
Мянмадаги ҳарбий хунта Сагайн, Мандалай, Бого ва Магуай ҳудудларида, Шан штатининг шарқий қисмида, шунингдек, пойтахт Нейпидода «фавқулодда ҳолат» эълон қилди.
Қурбонлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар
Таиланд бош вазири Петонгтарн Чинават Ички ишлар вазирлигига Бангкокни фавқулодда вазият зонаси деб эълон қилишни буюрди, деб ёзади CNN бош вазир идорасига таяниб.

Маҳаллий аҳоли ва миллий фавқулодда вазиятлар агентлиги маълумотларига кўра, зилзила бутун Таиланд бўйлаб, жумладан, пойтахт Бангкок ва мамлакат шимолидаги Чиангмай шаҳрида ҳам сезилган.
Зилзила оқибатида Таиланд пойтахти Бангкок шаҳридаги Чатучак боғи ҳудудида қурилаётган 30 қаватли бино қулаб тушган. Дастлабки хабарларда 43 нафар ишчи вайроналар остида қолиб кетгани, яна 7 нафари жароҳат олгани айтилганди.
Associated Press Таиланд мудофаа вазирига асосланиб, бу ерда уч киши ҳалок бўлгани, яна камида 90 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланаётгани ҳақида хабар тарқатди.
Таиланддаги Khaosod нашри эса камида 300 нафар ишчининг тақдири номаълумлигича қолаётганини ёзган.
Зилзила эпимаркази яқинидаги Мандалай шаҳри шифохонаси The New York Times мухбирига 20 киши ўлимини тасдиқлаган.

Бундан ташқари, гувоҳларнинг сўзларига кўра, Мянманинг Таунгу шаҳрида масжид биноси қисман қулаши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган. Маҳаллий нашрларга кўра, Аунгбан шаҳрида яна икки киши ҳалок бўлган, бу ерда меҳмонхона биноси вайрон бўлган, деб хабар беради Reuters.
Бангкок губернатори Чадчарт Ситтипун шаҳарда кўплаб осмонўпар бинолар шикастлангани ҳақида хабар берган, бироқ уларнинг аниқ сони ҳали номаълум.
Бангкокдаги гувоҳлар ОАВга маълум қилишича, одамлар ваҳимага тушиб, халат ва чўмилиш кийимларида кўчаларга югуриб чиққан.
Видеоларда зилзила туфайли осмонўпар бинолардан бирининг юқори қаватидаги ҳовуздан кўчага сув оқиб чиққани акс этган.
Катта Бангкок ҳудудида (агломерация Бангкок ва унинг атрофидаги бешта вилоятни ўз ичига олади) 17 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Кўпчилик осмонўпар биноларда яшайди.
Таиланд ҳукумати яқин 24 соат ичида янги силкинишлар юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Хитойдаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Мянма билан чегарадаги Юннан провинциясида, шунингдек, Гуанси провинциясида ҳам кучли силкинишлар сезилгани ҳақида хабар берган.
Юннандаги зилзила ҳақидаги маълумотни Хитойнинг Xinhua ахборот агентлиги ҳам тасдиқлаган, бироқ тафсилотлар ҳозирча маълум қилинмаяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар