
Фото: Украинская правда
Россия томонида жанг қилиб, украиналик ҳарбийлар томонидан асирга олинган икки нафар Хитой фуқароси Киевда матбуот анжумани ўтказди. Унда асирлар урушга алдов йўли билан жалб қилинганликларини сўзлаб берди.
Ван Гуанцзюннинг айтишича, у россиялик рекрутер (ёлловчи) билан яраланган ҳарбийлар учун реабилитолог сифатида ишга жойлашишга келишган. Унинг сўзларига кўра, эркак Россияга келганида, «армияга тушиб қолган ва унда танлов бўлмаган».
Чжан Ренбонинг маълум қилишича, у аввалига Россияга саёҳат учун келган, кейин бўлса «озгина пул ишлаб олишга қарор қилган». Хитой фуқаросининг айтишича, унга қурилишда иш таклиф қилишган, аммо кейин «бошқа ишлар бошланган» ва у «ҳеч нарса қила олмай қолган».
Чжан ва Ван Хитой ҳукумати тузилмаларига ҳеч қанақа алоқалари йўқлигини билдирди.
Украина Қуролли кучлари икки нафар Хитой фуқаросини асирга олгани тўғрисида президент Володимир Зеленский 8 апрел куни маълум қилганди. У Киев хитойликларни Россияда асирда сақланаётган украиналикларга алмашишга тайёр эканини айтган.
Хитой Ташқи ишлар вазири мамлакат ўз ҳарбийларини Украинага юбормаганини расман маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Россия армияси тарафида туриб ўнлаб Ҳиндистон фуқаролари ҳам жанг қилаётгани тўғрисида маълум бўлган эди. Кейинроқ ҳукумат аралашуви билан ватанига қайтган ҳиндлар Россияга алдов йўли билан чақирилиб, ҳарбий шартномалар тузишга мажбурланганини сўзлаб берганди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!