date
views 2 152

Афғонистондан бу йил 30 минг зиёратчи Ҳажга йўл олади: илк гуруҳ Саудияга етиб борди

Афғонистондан бу йил 30 минг зиёратчи Ҳажга йўл олади: илк гуруҳ Саудияга етиб борди
Афғонистон бу йил 30 минг нафар зиёратчини Саудия Арабистонидаги Ҳаж ибодатини бажариш учун юбормоқда. 230 нафар зиёратчидан иборат биринчи гуруҳ 29 апрель куни Саудияга учиб кетди. Бу ҳақда «Толибон» маъмурияти расман маълум қилди.

Баёнотга кўра, зиёратчиларни ташишни мамлакатнинг иккита миллий авиакомпанияси ўз зиммасига олган. Улар май ойида Саудия Арабистонига жами 97 та парвоз амалга оширишни режалаштирган. Шунингдек, Ҳаж зиёрати билан боғлиқ ташкилий ва логистик ишларни осонлаштириш мақсадида Афғонистоннинг турли вилоятларида махсус Ҳаж мувофиқлаштириш марказлари очилган.

Ҳаж зиёрати учун ҳар бир афғон зиёратчига белгиланган сафар нархи 3924 АҚШ долларини ташкил этади.

Шунингдек, Саудия Арабистони 2025 йилда Марказий Осиё мамлакатлари учун ажратилган Ҳаж квоталарини ҳам маълум қилди. Унга кўра, Ўзбекистон учун 15 минг, Тожикистон учун 7 минг, Қозоғистон учун 4,5 минг, Қирғизистон учун 6 мингдан ортиқ квота ажратилган. Туркманистонга ажратилган квота ҳозирча маълум қилинмаган, аммо ўтган йили бу мамлакатдан 289 нафар зиёратчи Ҳаж амалини бажаришга рухсат олган эди. Россия учун эса 25 минг нафарлик квота тасдиқланган.

Жорий йилда Саудия Арабистони чет эллик зиёратчилар учун янги тартибларни ҳам жорий этди. Энди Макка ва Мадина шаҳарларига фақат Ҳаж визаси билан киришга рухсат берилади. Визаси муддати тугаган зиёратчиларга бошпана берган ёки уларни ноқонуний равишда Ҳажга олиб борган шахсларга эса катта миқдордаги жарима қўлланади.

Мазкур янгиликлар зиёратчиларнинг хавфсизлиги ва тартибни таъминлаш учун киритилган бўлиб, Саудия Арабистони ушбу тартиб орқали зиёратчиларнинг ибодатини қулай ва хавфсиз муҳитда ўтказишни мақсад қилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистондан бу йил 30 минг зиёратчи Ҳажга йўл олади: илк гуруҳ Саудияга етиб борди
-->