date
views 23 186

Толибоннинг янги қурган тўғони нега беш кунда қулаб тушди?

Толибоннинг янги қурган тўғони нега беш кунда қулаб тушди?
Афғонистоннинг Хост вилоятида кўплаб умидлар билан қурилган сув тўғони атиги беш кун ўтиши билан қулаб тушгани аҳолини жиддий ташвишга солди. Бу ҳодиса мамлакатдаги сув таъминоти ва қурилиш соҳасидаги аҳволни яна бир бор кўзга ташлади.

Хост вилоятининг Гарбаз туманида жойлашган ушбу кичик сув тўғони қурилиши, "Толибон" ҳаракатининг сув ва энергетика вазири Абдуллатиф Мансур томонидан салтанатли тарзда очилганига бор-йўғи беш кун бўлган эди. Лекин табиат кучлари олдида бундай тезкор қурилмаларнинг қанчалик чидамсиз экани яна бир марта намоён бўлди. Маҳаллий манбаларнинг маълум қилишича, тўғон кучли оқим туфайли қулаб тушган ва бутун қурилиш сув билан ювиб кетилган.

Ҳудуд аҳолиси ва ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, ушбу тўғоннинг қурилишига 5 миллион афғони (тахминан 71 минг АҚШ доллари) ҳам сарфланмагани таъкидланмоқда. Бу эса қурилиш сифатининг пастлиги ва лойиҳа назоратининг етишмаслиги ҳақидаги тахминларни янада кучайтирди. Айниқса, “Толибон” амалга ошираётган қурилиш лойиҳалари устидан шаффоф назорат тизимининг йўқлиги аҳоли ўртасида шубҳа уйғотмоқда.

Эътиборлиси, 2024 йилда “Толибон” ҳаракати Афғонистонда сув танқислиги ва қурғоқчиликнинг олдини олиш мақсадида 100 га яқин шу турдаги кичик сув тўғонлари қуришни режалаштирган эди. Ўшанда Абдуллатиф Мансур ушбу иншоотлар орқали ерости сув захираларини тўлдириб, аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мумкинлигини айтиб ўтганди. Аммо биринчи қурилган ва тантанали очилган иншоотнинг ҳам тезда қулаб тушгани аҳолининг умидларига зарба бўлди.

Айниқса, сув билан боғлиқ бу каби қурилмаларнинг хавфсизлиги ва мустаҳкамлиги Афғонистон аҳолиси учун ўта муҳим саналади. Чунки мамлакатда сув ресурсларининг тақчиллиги жиддий муаммога айланган, табиат ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар эса бу муаммони янада оғирлаштириб бормоқда.

Бундан ташқари, Хост вилояти аввал ҳам шу каби ноодатий воқеалар билан диққат марказида бўлган. Хусусан, 2024 йил январ ойида шу вилоятда янги қурилаётган бошқа бир сув тўғони қурилиш ишлари пайтида камида 100 кишининг суяк қолдиқлари топилган эди. Кейинчалик расмийлар бу суяклар 1979 йилда, Афғонистонда Совет Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган ҳукумат даврида қатл қилинган ва оммавий қабрга дафн қилинган одамларга тегишли эканини билдирган эди.

Бу ҳолатлар ҳам Афғонистонда қурилаётган сув иншоотларининг фақатгина табиий офатларга эмас, балки тарихий воқеаларга ҳам боғлиқлигини англатади. Бугунги воқеа эса мамлакатнинг сув ресурслари соҳасидаги муаммоларга яна бир бор диққатни қаратишга сабаб бўлди.

Умуман олганда, бу воқеадан кейин Афғонистонда “Толибон” ҳукуматининг лойиҳа ва қурилиш назоратини кучайтиришга эҳтиёж сезилаётгани яна бир бор намоён бўлди. Акс ҳолда, бундай муаммолар такрорланиши ва аҳолининг давлатга бўлган ишончининг янада пасайиши эҳтимоли мавжуд.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Толибоннинг янги қурган тўғони нега беш кунда қулаб тушди?