date
views 186

Суриялик муҳожирлар Қурбон ҳайитини ўз ватанларида кутиб олмоқда

Суриялик муҳожирлар Қурбон ҳайитини ўз ватанларида кутиб олмоқда
Туркиядаги кўп йиллик муҳожирлик ҳаётидан сўнг, сурияликлар учун янги давр бошланди. Мамлакатда 61 йил ҳукм сурган Асадлар сулоласи режими ағдарилганидан кейин ўнлаб суриялик муҳожирлар Қурбон ҳайити муносабати билан оммавий тарзда ўз юртларига қайта бошлади.

Ҳозирги кунда Туркиянинг Сурия билан чегарадош Килис вилоятидаги Онжупинар назорат-ўтказиш пунктида ўз ватанларига қайтиш истагида бўлган сурияликларнинг сони кескин ортган. Бу ерда одамлар узоқ навбатларда туриб, ватанига доимий қайтиш учун зарур бўлган процедуралардан ўтмоқда. Ҳатто айрим кунларда бу жараёнлар сабабли тирбандлик ҳолатлари кузатилмоқда.

7 йил аввал уруш сабабли Сурияни тарк этиб, Туркиядан бошпана топган 25 ёшли Аҳмад Исмоил ҳам ўз ватанига қайтаётганидан жуда бахтиёр эканлигини айтмоқда. «Бу йиллар давомида фикру хаёлим доимо ватанимда бўлди. Эндиликда юртимда тинчлик ўрнатилганидан кейин мен ҳам ватанига қайтаётганлар сафидан ўрин олдим. Туркия халқи ва Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга миннатдорчилик билдираман. Ҳайитни ўз юртимда оилам билан ўтказишдан хурсандман», – дейди Аҳмад.

19 ёшли Экрем Ўмер эса Туркияда бир неча йиллик муҳожирликдан кейин, оила аъзолари билан биргаликда Қурбон ҳайитини ўз юртида кутиб олиш имконияти пайдо бўлганидан беҳад қувончли эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «вазифамиз энди ўз юртимиздаги тинчликни сақлаш ва уни қайта тиклашда фаол иштирок этишдир».

23 ёшли Зеид Элжубейди эса Суриядаги уруш сабабли Туркияга қочиб келган ва сўнгги тўрт йил давомида ўз оиласидан узоқда бўлганини афсус билан эслайди. «Туркияда тинч ва осуда яшаш имкониятини топган бўлсам-да, доим ватанга қайтишни орзу қилардим. Бу Қурбон ҳайити мен учун ўта қадрли, чунки уни ўз юртимда, оилам бағрида кутиб оламан. Бундай кунлар учун Туркия давлатига ва халқларига самимий миннатдорлик билдирмоқчиман», – деди у.

Сурияда тинчлик ўрнатилиши билан кўплаб суриялик муҳожирларнинг ўз ватанларига оммавий равишда қайтиши минтақа учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу нафақат Суриянинг қайта тикланишига туртки бўлади, балки инсонларнинг ўз юртларида, яқинлари бағрида тинч ва бахтли ҳаёт кечиришларига ҳам замин яратади. Шу билан бирга, бу жараён икки халқ ўртасидаги дўстлик ва инсонпарварлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Фото: Anadolu Agency
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Суриялик муҳожирлар Қурбон ҳайитини ўз ватанларида кутиб олмоқда