date
views 326

“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди

“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди
Аввалига Киевга роса босим қилган АҚШ президенти Трамп ўша машҳур жанжалда Зеленскийга қарата: “Қўлингизда карталар йўқ!” дея бир неча марта такрорлаганди. Лекин ундай эмаслиги аён бўлмоқда. Украина РФнинг энг ичкари ҳудудларида ҳам муваффақиятли операциялар ўтказиб, “қўлидаги карталари”дан бирини столга ташлади.

1 июн куни Украина “Ўргамчак тўри” операциясини амалга оширди. Бу – урушлар тарихидаги уникал операциялардан бири бўлди.

Россия – дунёдаги энг катта ҳудудга эга давлат. Калининграддан Владивостоккача 10 минг километрдан ошади. Шунга қарамай, Украина Россия ичкарисидаги, фронт чизиғидан анча узоқ минтақаларига ҳам ҳужум қила олди. Жумладан, Иркутск областидаги “Белая”, Иваново областидаги “Иваново”, Мурманск областидаги “Оленя” ва Рязан областидаги “Дягилево” ҳарбий базаларига дронлар ҳужуми амалга оширилди.

Украина узоқ масофалардаги бу ҳарбий аэродромларгача ўз дронларини яширин тарзда олиб боришни уддалаган. Ҳужумга учраган самолётлар оддий самолётлар эмас. Зеленскийнинг айтишича, 40 дан ортиқ стратегик бомбардимончи самолётлар йўқ қилинган ёки зарар етказилган. Бироқ, мустақил экспертлар фикрига кўра, йўқ қилинган ёки жиддий зарба етказилган самолётлар 13-15 дона бўлиши мумкин.

Энг муҳими, йўқ қилинган самолётлар орасида ТУ-22М3 ва ТУ-95 каби стратегик қирувчи самолётлар бор. Улар СССР даврида ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳозирда ишлаб чиқарилмайди. Бу самолётлар узоқ масофага уча олади ва бир нечталаб атом бомбалари таший олади. Демак, Украина 500 долларлик дронлар билан бир неча ўн миллионлаб доллар турадиган самолётларни йўқ қила олди.

Шу йил феврал охирида Оқ уйда Зеленский билан жанжаллашган Трамп унга: “Қўлингизда картангиз йўқ!” деган эди. Лекин “Ўргимчак тўри” операцияси орқали, Зеленский қўлида картаси борлигини кўрсатмоқда. 2 июн куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Россия ва Украина делегациялари яна учрашишди. Бу учрашувдан олдин Украинанинг Россия стратегик самолётларини йўқ қилгани учрашувлар оҳангига катта таъсир қилди. Кўпчилик “Украина енгилмоқда” деган қарашга мойил эди, бироқ Украина ҳар сафар янги усуллар билан Россияга жиддий зарбалар бермоқда, босимлар қилмоқда.

1999 йилнинг декабрида ҳокимиятга келган Владимир Путин бир муддат Россия президенти бўлмади: у олий ҳокимиятни Дмитрий Медведевга бериб, 4 йилча бош вазир бўлиб турди. Шундан кейин 2011 йилда яна президентликка қайтди. Ўшанда у Евросиё лойиҳаси билан қайтганди. Айнан шунинг учун у Украинани биринчи ўринда нишонга олди. Путин энди ғарбдан, АҚШ ва Европадан масофа сақлаб, шарқ томон бурилишни ният қилади. Украинага нисбатан катта лойиҳаларни режалайди, Қримни аннексия қилади, сўнгра қўшни давлат ҳудудига бостириб ҳам киради.

Шунинг учун, Россия-Украина уруши – бу жуда кўп халқлар учун тарихий аҳамият касб этадиган уруш. Бу уруш натижасида, Украинанинг тақдири ҳал бўлади, украин тили ва маданиятининг тақдири белгиланади, расмий Киевнинг сиёсий ва геосиёсий мустақиллиги масаласи ҳал бўлади. Қолаверса, бу уруш Европа учун ҳам тарихий аҳамиятга эга. Агар Украина енгилса, Европа Иттифоқидаги бир қанча давлатларга босим кучаяди. Ҳаммасидан ҳам, бу урушнинг постсовет ҳудудидаги янги мустақил давлатлар учун аҳамияти мутлақдир. Бу уруш, энг аввало, Россиядаги империячилик кайфиятини ёки тугатади, ёки кучайтиради.

Яхши янгилик шуки, Украина енгилмаяпти. Новаторлик билан ўз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, халқаро субъектлиги учун курашмоқда. Қолаверса, кейинги ойларда Трампнинг ҳам қарашлари кескин ўзгарди. Бошида Трамп Украинанинг ўзини айблаганди, “урушни бошлаганликда” маломат қилган эди. Бироқ, энди тушуняптики, аслида Путин урушни тез тугатишдан манфаатдор эмас. Путин шу пайтга қадар “Украина чарчаган, биз енгаяпмиз ва енгамиз” деган кайфиятда эди. Украинанинг “Ўргимчак тўри” ва бошқа операциялари шуни кўрсатадики, Украина нафақат стратегик жиҳатдан енгилмаяпти, балки Россиянинг энг узоқ ҳудудларида ҳам қақшатқич зарбалар беришни уддалаяпти.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди